Янгиликлар

3,4 миллиард инсон яшашга яроқсиз шароитларда кун кечирмоқда

3,4 миллиард инсон яшашга яроқсиз шароитларда кун кечирмоқда

Дунё миқёсида уй-жой инқирози мислсиз даражада авж олмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, тахминан 3,4 миллиард киши талабга жавоб бермайдиган уй-жойларда истиқомат қилади. Уларнинг бир миллиарддан ортиғи қашшоқ маҳаллаларда ҳамда норасмий бошпаналарда кун кечиради, кўпчилиги энг оддий қулайликлар, хавфсиз инфратузилма ва коммунал хизматлардан ҳам маҳрум.

Бу рақамлар ортида эски ва тор, санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган, авария ҳолатидаги биноларда яшашга мажбур бўлган миллионлаб оилалар турибди. Кўпчилик учун ўз уйи ҳам эндиликда хавфсиз бўлмай қолди.

Уй-жой нархларининг кескин ўсиши, ҳамёнбоп уйларнинг етишмаслиги, биноларнинг эскириб кетганлиги ҳамда шаҳар инфратузилмасининг издан чиқиши бугунги оғир вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Айниқса, болалар, кексалар ва кам таъминланган оилалар жиддий хавф остида қолмоқда.

БМТнинг огоҳлантиришича, яроқсиз уй-жой шароитлари шунчаки ижтимоий муаммо эмас, балки миллиардлаб инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётига бевосита таҳдид солаётган ўта жиддий фожиадир.

Дунёда миллиардлаб инсонлар бошпана топа олмай қийналаётган шундай бир пайтда, ўз уй-жойига эга бўлиш оддий халқ учун борган сари ушалмас орзуга айланиб бормоқда. Бу капиталистик тузумнинг аччиқ мевасидир. Чунки бундай тузумда уй-жой инсоннинг энг асосий эҳтиёжи бўлиш ўрнига, бойлик орттириш ва фойда топиш воситасига айланиб қолди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button