Ёқилғи танқислиги мамлакатдаги вазиятнинг ўзгаришига йўл очмоқда

Ёқилғи танқислиги мамлакатдаги вазиятнинг ўзгаришига йўл очмоқда
Ёқилғи-мойлаш материалларининг дастлабки партияси Хитойдан Қирғизистонга етиб келди. Юк ортилган оғир вазнли автоуловлар карвони акс этган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Бундан аввал энергетика вазири ёқилғи-мойлаш материалларни Хитойдан олиб келиш жараёни бошланганини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, юклар автотранспорт воситалари орқали ташилаётгани боис, етиб келиши маълум вақтни талаб этади.
Вазирнинг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси тегишли давлат органларига мамлакатга ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини тўсиқсиз ва тезкор етказиб беришни таъминлаш бўйича топшириқ берган. Бундан ташқари, Беларусия Республикаси билан ҳам ёқилғи-мойлаш материаллар импорти бўйича шартнома имзоланди. Россия ҳудуди орқали транзит масаласи ижобий ҳал этилиб, Беларусиядан юборилган дастлабки нефть ортилган вагонлар ҳам Қирғизистонга етиб келди.
Изоҳ:
Қирғизистон йилига тахминан 1,6 миллион тонна ёқилғи-мойлаш материаллари истеъмол қилади. Ушбу ҳажмнинг 90 фоиздан ортиғи Россия Федерациясидан импорт қилинади. Шу сабабли, Россия мамлакатга ёқилғи-мойлаш материалларини етказиб берувчи асосий ҳамкор ҳисобланар эди. Бу ҳолат Россия учун Қирғизистонга ўз таъсирини ўтказиш ва уни ўз измида ушлаб туриш имконини берар эди. Россия бу соҳадаги мутлақ яккаҳокимлигини сақлаб қолишга интилиб, бегона кучларнинг аралашувига асло йўл қўймас эди. Шу боис, қирғиз ҳукумати шу пайтгача ёқилғи масаласида муқобил йўллар ва бошқа етказиб берувчиларни излашга зарурат сезмаган. Мамлакатдаги нефтни қайта ишлашга ихтисослашган ягона «Жунда» заводи эса ўз маҳсулотларини асосан хорижга экспорти қилиш билан чекланн эди.
Бироқ, вазият тубдан ўзгариб бормоқда. Глобал миқёсда олганда, Ҳурмуз бўғизининг ёпилиши нефть танқислигини келтириб чиқарди. Украина томонидан уюштирилган дрон ҳужумлари эса Россиядаги бир қатор нефтни қайта ишлаш заводларини ишдан чиқарди. Бу ҳолат Россиянинг ўз ички бозорида ҳам ёқилғи тақчиллигига сабаб бўлди ва натижада Москва ёқилғи-мойлаш материаллари экспортини чеклашга мажбур бўлди.
Ҳозирда ёқилғи етказиб бериш бўйича Хитой, Беларусия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон ва бошқа қатор давлатлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Хитой ва Беларусия билан келишувлар имзоланиб, ёқилғининг дастлабки партиялари мамлакатга кириб кела бошлади.
Шунингдек, Ғарб санкцияларининг хавфи ва Украина ботқоғига ботган Россиянинг зайифлашиб бориши ҳам Қирғизистон ҳукуматини ёқилғи-мойлаш материаллари масаласида муқобил ечимлар излашга мажбур қилмоқда. Масалан, бир йилдан буён «Жунда» заводини модернизация қилиш ва унинг маҳсулотларини ички эҳтиёжларга йўналтириш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда. Ваҳоланки, илгари Россиянинг таъсири сабабли бу заводнинг маҳсулотлари фақат хорижга сотилар эди. Бугунги кунга келиб эса Россия ҳатто ўзининг ички бозорини ҳам ёқилғи билан таъминлашда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда.
Бундан ташқари, юзага келган вазият Бишкекни маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводларини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратишга мажбур қилди. Расмийларнинг таъкидлашича, реконструкция ишларидан сўнг «Жунда» заводи йилига 800 минг тонна бензин (К5 стандартидаги) ишлаб чиқаришни бошлайди. 2028 йилда ишга туширилиши режалаштирилаётган «Қирғизнефтегаз» заводи эса йилига 500 минг тонна бензин етказиб бериши кутилмоқда. Шунингдек, 20 июль куни Қўчқор-Ота шаҳрида йилига 450 минг тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод қуриш бўйича Хитойнинг «Марказий Осиё энергетикаси» компанияси билан муҳим келишув имзоланди.
Хулоса қилиб айтганда, ёқилғи-мойлаш материаллари соҳасида Россиянинг мамлакатдаги мутлақ монополиясига дарз кетди. Агар Россия ушбу яккаҳокимликни бой берса, Қирғизистонга таъсир ўтказишнинг яна бир муҳим ричагидан маҳрум бўлади. Бу борада Хитой унинг ўрнини эгаллашга шайланиб, қатъий ва салмоқли ишларни амалга оширишни аллақачон бошлаб юборган.
Харун Абдулхак




