Мақолалар

Қирғизистонда инфляция юқори даражада давом этмоқда

Қирғизистонда инфляция юқори даражада давом этмоқда

Қирғизистонда кундалик эҳтиёж учун ишлатиладиган товарлар нархининг тинимсиз ошиб бориши халқни ташвишга солаётган асосий муаммолардан бирига айланди. Бундай юқори даражадаги инфляция олти йилдан буён давом этиб келмоқда. Бу вазият яна қанча давом этиши номаълум. Чунки бир қанча ташкилотларнинг ҳисоботлари мамлакатда юқори даражада инфляция сақланиб қолишидан огоҳлантирмоқда.

Халқаро валюта жамғармасининг «World Economic Outlook» номли ҳисоботида кўрсатилишича, Қирғизистон инфляциянинг энг юқори даражаси кутилаётган давлатларнинг жаҳон рейтингида 19-ўринни эгаллаган. Унга кўра, 2026 йилда Қирғизистондаги инфляция даражаси 10,6 фоизни ташкил этади. Бу эса мамлакатнинг дунёда инфляцияси энг юқори бўлган кучли йигирматалик давлатлар қаторига киришини англатади.

Инфляция — жамият ҳаётига жиддий таъсир кўрсатадиган масалалардан биридир. Сабаби, нарх-наво ошганда, аниқроғи инфляция даврида одамларнинг тўплаган маблағлари қадрсизланиб, ўз қийматини йўқотади. Натижада уларнинг машаққатли меҳнатлари зое кетади. Бошқача айтганда, муайян вақт давомида олиб келган маошлари аввалги ҳажмдаги озиқ-овқат ёки бошқа зарур нарсаларни сотиб олишга етмай қолади. Бу — оддий инсонлар мол-мулкини капитализм тарафидан талон-торож қилинишининг ҳамда уларнинг меҳнатлари эксплуатация қилинишининг бир кўринишидир.

Инфляция муаммоси капиталистик низомнинг ажралмас муаммоси ҳисобланади. Бугунги кунда капитализм ҳукм сураётган дунёнинг барча мамлакатларида инфляция мавжуд. Аслида, инфляция муаммоси капитализмнинг пул низомига бориб тақалади. Ҳозирги пулларнинг бирортаси реал қиймат (олтин-кумуш) билан таъминланмаган. Бугун дунё давлатларининг деярли барчасининг валютаси долларга боғланган. Доллар эса олтин ёки кумуш каби қимматбаҳо металларга боғланишни аллақачон тўхтатган. Шу боис, дунёда босиб чиқарилаётган пулларнинг ортида суянадиган реал қиймат мавжуд эмас. Шунинг учун пул қадрсизланиб, инфляция йилдан-йилга узлуксиз ўсиб бормоқда.

Бундан ташқари, инфляциянинг кучайишига сабаб бўлаётган бошқа омиллар ҳам бор. Уларга қисқача тўхталиб ўтадиган бўлсак, масалан, Исломда ҳаром қилинган судхўрлик инсонларни ва давлатларни қарз ботқоғига ботириб, иқтисодиётни емиради ва инфляцияни кучайтиради. Бугунги кунда судхўрлик ҳаётнинг барча соҳаларига кириб борди. Ҳаттоки, одамларнинг кундалик эҳтиёжларини сотиб олишида ҳам судхўрлик кенг тарқалиб бормоқда.

Шунингдек, давлат томонидан жорий этилаётган солиқлар ҳам ўз навбатида нархларнинг кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Давлат эса солиқлар турини кўпайтириш ва уларнинг ҳажмини ошириш билан овора. Бу билан бир қаторда, божхона тўловлари ҳам нарх-наво кўтарилишига сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Электр энергияси, газ ва шу каби бошқа хизматлар нархининг ошиши табиий равишда нархларнинг осмонга юксалишига туртки бўлади. Ҳукумат эса ҳар йили электр энергияси нархини ошириб келмоқда — худди инфляция билан мусобақалашаётгандек.

Шундай экан, инфляциядан ва иқтисодиётдаги бошқа муаммолардан қутулишнинг ягона йўли — тўғри пул низомига ўтишдир. Аниқроғи, олтин ва кумуш низомига ўтиш зарур. Бу низом тахминан бундан бир аср олдин ҳам қўлланиб келинган. У пайтда аксарият валюталар олтин билан таъминланган эди. Шу сабабли, иқтисодий муаммоларнинг, айниқса инфляция масаласининг зарари анча паст бўлган. Бугун эса биз инфляция ва ундан келиб чиқадиган бошқа муаммолар глобал иқтисодиётга таҳдид солаётган бир даврда яшамоқдамиз.

Валюта масаласидаги олтин ва кумуш низоми — бу Ислом қабул қилган ечимдир. Бироқ, инфляция каби муаммони ҳал қилиш учун фақатгина олтин ва кумуш низомига ўтишнинг ўзи кифоя қилмайди. Демак, реал қиймат билан таъминланган пул низоми билан бирга Исломнинг иқтисодий низомини ҳам татбиқ этиш лозим.

Ислом иқтисодий низомида бугунги кундаги каби солиқ турлари ва божхона тўловлари тақиқланади. Шунингдек, электр энергияси, газ каби ҳозирги кунда пул тўланаётган хизматлар учун ҳақ олинмайди. Чунки улар умумий мулк ҳисобланиб, инсонларнинг эҳтиёжлари учун сарфланиши керак. Капитализмда бўлгани каби, уларга халқнинг ҳисобидан пул топиш манбаи сифатида қаралмайди.

Шундай экан, барча иқтисодий муаммолар фақат Исломни тўлиқ татбиқ этиш билангина ҳал бўлади.

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button