Қўшма мудофаа битимининг маъно-моҳияти нимада?

Қўшма мудофаа битимининг маъно-моҳияти нимада?
Хабар: Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони ўртасида қўшма мудофаа битими тузилди.
Изоҳ:
Одатда, қўшма мудофаа битимлари давлатлар ўзларини қуршаб турган умумий таҳдидларни англаб етганидан кейин тузилади. Бу ҳолат якка ўзи қарши турганда уларнинг ҳар бирини алоҳида енгиб ўтиши мумкин бўлган мумумий душман пайдо бўлганда, ёки мустақил равишда унга бас келиш қийин бўлиб, катта харажатларни талаб этган пайтда юзага келади. Айниқса, бу душман улкан ва қудратли давлат бўлганда ёки йирик ҳарбий кучни ташкил этган давлатлар ўзаро иттифоқ тузганда яққол кўзга ташланади.
Бунга ҳар икки жаҳон урушида ҳам Германия ва унинг иттифоқчиларига қарши Британия, Франция ҳамда Россия тузган иттифоқни мисол қилиб келтириш мумкин. Чунки ҳар икки уруш арафасида Германия мислсиз ҳарбий қудрат сифатида бўй кўрсатган эди. Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг коммунистик Совет Иттифоқи Шарқий Европа давлатларини босиб олиб, улкан ҳарбий державага айланганидан кейин НАТО альянсининг тузилиши ҳам бунга яққол мисол бўла олади. НАТО альянси ташкил топганига жавобан Совет Иттифоқи бошчилигида Варшава битими тузилган эди.
Бир неча кун муқаддам Макка шаҳрида мазкур уч давлат ўртасида эълон қилинган ҳарбий иттифоққа назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг иккитаси, яъни Покистон ва Туркия Ислом оламидаги ҳарбий жиҳатдан энг қудратли давлатлар ҳисобланади. Саудия Арабистони эса дунёдаги энг қудратли ва энг йирик ҳарбий-ҳаво флотларидан бирига эгадир.
Бу ҳолатда энг биринчи бўлиб мияга келадиган савол шуки: Исломий ўлкалар учун қўшма мудофаа битимини ўз ичига олган ҳарбий иттифоқ тузишни талаб қиладиган хавф-хатар энди пайдо бўлдими?! Яҳудий вужуди Фаластин заминини нақ саксон йил муқаддам босиб олмаганмиди?! Бу вужуд Пайғамбаримиз ﷺ Исро қилган ва Исломнинг илк қибласи бўлган Ақсо масжидини нақ олтмиш йилдан бери ўз назоратида ушлаб тургани йўқми?! Шунингдек, ўн йиллар давомида Ислом тупроқларида қатл этиш, талон-торож қилиш, вайронкорлик ва ҳудудларни босиб олиш жиноятларини содир этиб келаётгани йўқми?! Нақ уч йилдан буён Ғазо аҳлини қириб битиришга, уни вайрон қилиб, ер билан яксон қилишга киришган қонли жиноятлари шу соатгача давом этмаяптими?! Нақ икки йилдан бери Жанубий Ливанни вайрон қилиб, қишлоқларини ер билан яксон этиб, аҳолисини қирғин қилиб келаётган жиноятларини ҳамон давом эттирмаяптими?! Жиноятчи Асад режими қулаганидан кейин Суриянинг бошқа ҳудудларини ҳам босиб олмадими?! Эски Сурия режими ва унинг иттифоқчилари, яъни Эрон ҳамда Россия бир миллиондан ортиқ сурияликнинг ёстиғини қуритган қонли қирғинларни содир этиб, аҳолининг ярмидан кўпини сарсон-саргардонликка маҳкум этмадими?! Америка аввал Афғонистонни, сўнгра Ироқни босиб олиб, ўн минглаб тинч аҳолини қириб ташламадими?! Ҳиндистон Жамму ва Кашмир мусулмонларига қарши ўн йиллар давомида ҳужум қилиб ва буни ҳозиргача давом эттириб келмаяптими?!… Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Бундан ҳам ачинарлиси, мазкур уч давлат биргаликда ёки алоҳида Ислом ўлкаларига қарши содир этилган баъзи босқинларда ўша тажовузкорларнинг ўзлари билан ёки уларнинг айримлари билан қайта-қайта иттифоқдош бўлиб келишмоқда…!
Демак, энг қудратли Ислом ўлкалари ўртасида бундай иттифоқнинг тузилишига туртки бўлаётган сабаблар ўн йиллардан бери мавжуд. Ҳатто бу ўлкаларнинг ҳар бири ташкил топган кунидан буён бир-бири билан мусобақалашган ҳолда давом этиб келмоқда. Шунча мислсиз улкан ҳарбий қудратга эга бўла туриб, нима учун бу йирик иттифоқ шу вақтгача тузилмади-ю, айнан энди тузилмоқда?
Хўш, бундай улкан ҳарбий имкониятларга эга бўлган бу ҳарбий иттифоқ Фаластин, Ливан, Сурия, Кашмир, Шарқий Туркистон, Чеченистон ва бошқа тажовузга учраган Ислом ўлкаларидаги мусулмонларни қўллаб-қувватлаш учун тезкор ва қатъий ҳаракатга келишига гувоҳ бўламизми?!
Аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, бу уч давлат Америка сиёсатига тобе ёки унинг орбитасида айланадиган мамлакатлар қаторига киради. Сиёсат алифбосини тушунадиган ҳар бир инсон бу альянс Американинг розилигисиз тузилмаслигини жуда яхши билади. Бу иттифоқ Эрон ва унинг ўқига қарши тузилди деб айтилса ҳам, ёхуд яҳудий вужуди, Ҳиндистон ва уларга эргашувчиларга қарши ташкил этилди дейилса ҳам — барибир, Американинг ижозатисиз бундай иттифоқ ҳеч қачон вужудга келмайди. Чунки Америка сиёсати минтақада бирон-бир давлат ёки давлатларнинг таъсири кучайиб кетишига йўл қўймайдиган ҳарбий мувозанатни сақлашни ўзига мақсад қилиб олган. Негаки, кейинчалик бундай кучни жиловлаб, ўз чегарасига қайтариш Вашингтондан ўзи истамаган катта куч-ҳаракатни талаб қилиши мумкин. Худди бугун Америка Эронни ўз табиий чегарасига қайтариш учун сарфлаётган машаққатли ҳаракатлари каби. Чунки Американинг кетма-кет келган маъмуриятлари Афғонистон, Ироқ, Ливан, Сурия ва Яманда ўз манфаатлари йўлида фойдаланган Эрон давлати бугунга келиб Вашингтоннинг минтақадаги режалари йўлида жиддий ва хавотирли тўсиққа айланди.
Бу мамлакатлар раҳбарлари Америка сиёсатига эргашиб, фақатгина қўшма мудофаа битимини имзолаш билан чекланиб қолишлари мутлақо жоиз эмас. Улар бундай мазмунсиз ишларни йиғиштириб қўйиб, қудратли давлатга айланиш учун ўз юртларини ягона байроқ остида бирлаштиришга келишиб олишлари керак эди. Мана шундагина бу давлат ўз Исломий шахсиятини қайта тиклаб, Исломий ҳаётни янгидан бошлайди. Фуқаролик салоҳияти, ҳарбий қудрати, табиий бойликлари, геосиёсий кенглиги ва ер юзидаги энг муҳим бўғозларни назорат қилиши орқали дунёдаги барча давлатлардан устун кела олади. Энг муҳими, бу давлат инсониятни нажот сари элтувчи цивилизациявий ғояни кўтариб чиқади ва ер юзидаги барча кучларга тенг кела оладиган маънавий қудратга эга бўлади.
Бироқ бугунги ҳокимлар бундай улуғ шарафга муносиб эмас. Чунки улар Аллоҳга ҳам, Унинг Расулига ҳам, мўминларга ҳам садоқатли эмаслар. Аксинча улар Ғарбга, унинг маданияти ва сиёсатига боғланиб қолган. Уларнинг ҳолига Аллоҳ таолонинг мунофиқлар ҳақидаги мана бу сўзи жуда мос келади:
وَلَوْ أَرَادُوا الْخُرُوجَ لَأَعَدُّو لَهُ عُدَّةً وَلَٰكِن كَرِهَ اللهُ انبِعَاثَهُمْ فَثَبَّطَهُمْ وَقِيلَ اقْعُدُوا مَعَ الْقَاعِدِينَ
«Агар улар (жиҳодга) чиқишни истаганларида унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган бўлур эдилар. Лекин Аллоҳ чиқишларини истамай, уларни дангаса қилиб кўйди ва уларга (ўзларидан бўлган кимсалар тарафидан): «Қолганлар (яъни, аёллар, ёш болалар ва ожиз-нотавон кишилар) билан бирга ўтираверинглар», дейилди». (Тавба сураси, 46-оят).
Аҳмад Ал-Қасас




