Муваффақиятли ўзгаришнинг энг катта тўсиқларидан бири бўлган прагматизм қандай шаклланади?

Муваффақиятли ўзгаришнинг энг катта тўсиқларидан бири бўлган прагматизм қандай шаклланади?
Ушбу мақолада бугунги кунда Ислом уммати ва бутун инсоният дуч келаётган турли муаммоларни ҳал қилишга қодир бўлган муваффақиятли ўзгариш фикратини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омиллардан бири муҳокама қилинади. Шу мақсадда, мақолада ҳозирги Ғарбдаги сиёсий фаолиятни йўналтириб турган фалсафий асослар таҳлил қилиниб, улар Ислом фалсафаси билан таққосланади. Шунингдек мақолада Ғарбда ҳукмрон бўлган манҳажнинг ички камчиликларини аниқлаш орқали, ушбу манҳаж нима учун тизимли муаммоларга ҳақиқий ечимларни бера олмаётгани изоҳланади. Сўнгра мақолада Исломий сиёсий қараш ягона тўғри алтернатива сифатида тақдим этилиб, ҳақиқий ўзгаришни амалга ошириш ва мавжуд тўсиқлардан ўтиш учун мусулмон шахсда, Ислом умматида, сиёсий партияда ва давлатда бўлиши зарур бўлган сифатлар белгилаб берилади.
Ғарбдаги сиёсий тажрибанинг фалсафий асоси:
Ғарбнинг сиёсий тажрибаси асосан прагматизмга таянади. Прагматизм XIX асрда илгари Ғарб фалсафасида устуворлик қилиб келган рационализм ва эмпиризмга жавоб сифатида пайдо бўлган.
Рационализм билим туғма фикратларга ёки ўз-ўзидан аниқ бўлган ҳақиқатларга асосланган дедуктив фикр юритишдан олинади. Бунда воқеликни тўғридан-тўғри кузатиш шарт эмас дейилади. Бу мактабнинг кўзга кўринган вакилларига Декарт, Спиноза ва Лейбниц киради.
Эмпиризм эса билим ҳиссий тажриба ва кузатишдан келиб чиқади деб ҳисоблайди ва тушунчалар индукция йўли билан шаклланишини айтади. Эмпиризмнинг таниқли вакиллари қаторига Бэкон, Локк, Беркли ва Юм киради.
Чарльз Пирс, Уильям Жеймс ва Жон Дьюи каби мутафаккирлар томонидан ишлаб чиқилган прагматизм ушбу икки манҳажнинг элементларини бирлаштиради. Билимга эга бўлиш воқеликни кузатишдан бошланиб, сўнгра ақлга таянган назарияларни тузиш билан давом этади, кейин улар амалий тарзда синалади. Назария кузатилган воқеликка мувофиқ келган тақдирдагина тўғри деб ҳисобланади. Воқелик ўзгарган сайин назариялар қайта кўриб чиқилиши ёки инкор этилиши мумкин. Шунинг учун билим ўз табиатига кўра вақтинчалик ва ўзгариши мумкин нарса сифатида кўрилади.
«Қора оққуш» (черный лебедь)нинг топилиши бунга ёрқин мисол бўла олади. У илгари чекланган кузатишларга асосланиб, барча оққушлар оқ рангда бўлади деган кенг тарқалган ишончни йўққа чиқарган. Прагматизмда воқелик шунчаки фикр юритиш объекти эмас, аксинча унинг манбаи ҳисобланади ва ҳақиқат ўз кучини шартли равишда сақлаб қолади.
Ахлоқий жиҳатдан олганда, прагматизм абсолютизмни (мутлақликни) ҳам, релативизмни (нисбийликни) ҳам рад этади. Абсолютизмни ёқловчилар яхшилик ва ёмонликнинг ўзгармас ва ҳамма учун умумий мезонлари борлигини таъкидлайди. Релативизм эса ахлоқий мезонлар сақофий, тарихий ёки индивидуал шароитларга боғлиқ деб ҳисоблайди. Прагматизм ўзгармас ахлоқий мезон борлигини инкор этиб, унинг ўрнига ахлоқий ҳукмларни шароитларга ва кутилган натижаларга қараб доимо қайта баҳолаб туриш зарурлигини таъкидлайди. Натижада тўғри билан нотўғрини баҳолайдиган тушунчалар вақт ўтиши билан ўзгариб туради. Бу эса ижтимоий одатларнинг ўзгаришини акс эттиради.
Ғарбнинг сиёсий тажрибасида прагматизм тўсқинлик сифатида:
Прагматизм ҳозирги Ғарб сиёсатида сиёсатни шакллантириш жараёнига жуда кучли таъсир кўрсатади. Сиёсий қарорлар жорий воқеликка асосланиб қабул қилинади ва шароитлар ўзгариши билан бу қарорларни доимо қайта баҳолаб туриш зарур деб ҳисобланади. Бугун қабул қилинган сиёсат эртага янги таклиф этилган муқобилларга қараганда самарасизроқ экани маълум бўлса, уни алмаштириш мумкин.
Бу ёндашув, айниқса, инқирознинг илдизи сиёсатни амалга оширишда эмас, балки тузумнинг ўзида бўлган ҳолларда жиддий муаммога айланади. Агар масала амалга оширишдаги камчилик туфайли келиб чиқса, прагматик тузатишлар вақтинчалик ечимларни таклиф қилиши мумкин. Бу мантиқ капиталистик бошқарувнинг асосини ташкил этади, унда қонунчилик ислоҳотлари тузумни такомиллаштиришни кўзлайди деб қаралади.
Бироқ, масалан, капитализм шароитида такрорланиб турадиган молиявий ва қарз инқирозлари каби муаммолар тузумнинг ўзига сингиб кетган ҳолларда, амалга оширишдаги ўзгартиришлар барқарор ечим бера олмайди. Бу инқирозларнинг такрорланиши улар тузумнинг ўзида илдиз отганини кўрсатади. Шунингдек, давлатнинг аралашуви ёки миллийлаштириш каби чоралар капитализмнинг асосий тамойилларига зид бўлса-да, бу тузумнинг ўз қарама-қаршиликларини ҳал қилишга қодир эмаслигини исботлайди.
Муаммо тузумнинг ўзидан келиб чиққан тақдирда, уни ҳал қилишнинг ягона йўли — тузумнинг ўзида тубдан ўзгариш ясашдир. Бу ўзгариш табиатан инқилобий бўлади. Бироқ прагматизм бундай инқилобий ечимларни реал эмас, деб рад этади ва уларни қўллаб-қувватловчиларни идеалистлар деб таърифлайди. Натижада, прагматизм сиёсатчилари чуқур илдиз отган инқирозларни тубдан ислоҳ қилишга структуравий жиҳатдан лаёқатсиз бўлиб қолади. Аксинча, улар муҳокамани фақат жорий ўзгартиришлар билан чеклаб, ҳақиқий ўзгаришга тўсқинлик қилади ва тузумнинг тўғрилиги ҳақида нотўғри таассуротни кучайтиради. Бу эса муваффақиятли ўзгариш фикратини амалга оширишга катта тўсиқ ҳисобланади.
Исломий сиёсий кўзқараш ягона тўғри муқобилдир:
Исломнинг сиёсий фалсафаси инсон, олам, ҳаёт, ҳақиқат ва ботил, яхшилик ва ёмонлик билан боғлиқ барча нарсаларни Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло белгилайди, деган имонга асосланади. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло инсоннинг ва оламнинг Яратувчиси, шунингдек, тўлиқ бошқарув ва ҳокимият Эгасидир.
Ислом икки соҳани бир-биридан ажратади: уларнинг биринчисида инсон ҳеч қандай ҳукмронликка эга эмас ва у Аллоҳ қўйган табиат қонунларига бўйсунади. Иккинчисида эса инсонга танлов ва ҳаракат қилиш эркинлиги берилган. Бироқ иккала соҳада ҳам қонун қўйиш ва ишларнинг қандай юришини белгилаш ҳуқуқи ёлғиз Аллоҳга тегишли. Танлов соҳасида итоат қилиш ҳам, қарши чиқиш ҳам инсоннинг қўлида, бироқ илоҳий ҳокимият мутлақлигича қолади.
Шу сабабли Исломий бошқарув Аллоҳнинг ҳукми адолатли ва мукаммал деган мустаҳкам ишончга асосланади ва уни ҳеч бир инсоний ҳокимият ўзгартира олмайди. Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз ﷺнинг суннати илоҳий шариатга тегишли билимнинг манбаи ҳисобланади ва бу шариат энг олий қонун сифатида кўрилади. Ушбу қонунларга мувофиқ бошқариш — бошқарувнинг ягона тўғри шакли ҳисобланади.
Бу доирада Халифа шариат устуворлигини сақлайди, сиёсий ҳокимият эса ўз-ўзидан инсоний ҳукм эмас, аксинча Аллоҳнинг шариатини қўллаш деб тушунилади.
Шунга кўра, Исломда воқелик фикратнинг манбаи эмас, балки уни ўрганиш объектидир. Илоҳий ваҳий — воқеликни тушуниш ва уни муолажа қилиш учун ўлчов ҳисобланади. Шунинг учун шароитлар қанчалик ўзгармасин, яхшилик яхшилигича, ёмонлик ёмонлигича қолади.
Демак, муаммолар тузумни ўзгартириш ёки бошқа тузумлардан элементлар олиш орқали ҳал қилинмайди. Ечимлар излашда Ислом тузумининг ўзига мурожаат қилиниб, унинг қанчалик тўғри қўлланилаётгани ўрганиб чиқилади. Камчиликлар тузумнинг ўзидан эмас, балки уни ижро этишда инсон томонидан йўл қўйилган хатолардан келиб чиқади. Жавобгарлик эса Ислом шариатига мувофиқ, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам инсон зиммасига юклатилади.
Прагматизм ва Ислом:
Прагматизм билан Исломни солиштирганда, ўртадаги фарқ уларнинг воқеликка бўлган ёндашувидагина эмас, балки таниб-билиш асосларида ҳам кўринади. Прагматизм инсон ақли ва тушунчасининг чегараланган имкониятлари билан чекланади, Ислом эса Аллоҳнинг илмига ва ҳикматига ишонишга асосланади.
Прагматизм имконсиз ёки реал эмас деб ҳисоблаган нарса Исломда тўлақонли реал бўлиши мумкин. Идеализм деб рад этилган нарса, Исломий мабдага мувофиқ баҳоланганда, аслида реаллик бўлиши мумкин.
Бу фарқ ҳақиқий ўзгаришни амалга оширишдаги асосий тўсиқни очиб беради: бу инсонда марказий ўринни эгаллайдиган фикрлашга таяниш ва илоҳий йўл-йўриқни рад этишдир.
Тарихдан ва ҳозирги замондан мисоллар:
Ислом давлатининг дастлабки давридан мисол сифатида Муъта жангини келтириш мумкин. Бир мусулмон элчиси Византиянинг иттифоқчиси томонидан ўлдирилганидан кейин, Пайғамбар ﷺ уч минг кишидан иборат қўшин тўпладилар. Улар ўзларидан сон ва қурол жиҳатидан анча кучли бўлган қўшинга рўбаро келишганда, айрим саҳобалар ғалаба ҳақида шубҳага тушди. Ўшанда Абдуллоҳ ибн Равоҳа уларга ғалаба сонга ёки моддий кучга эмас, балки иймонга ва Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолога бўйин сунишга боғлиқ эканини эслатди.
Амалий нуқтаи назардан қараганда, бундай кучга қарши туриш маъносиз туюлади. Шунга қарамай, қарор моддий ҳисоб-китобларга эмас, балки диний бурчга асосланиб қабул қилинди. Душман сон жиҳатидан устун бўлишига қарамай, бу жанг Ислом давлатининг обрўсини сақлаб, унинг қатъиятлилигини кўрсатди.
Бугунги кундан мисол сифатида 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумни келтириш мумкин. Амалий нуқтаи назардан қараганда, кичик бир кучнинг ҳозирги даврдаги энг кучли ҳарбий тузилмалардан бирига қарши туриши реал эмасдек туюлади. Шунга қарамай, операция амалга оширилди ва ундан кейин яна қаршилик давом этди. Бу ҳам амалий ҳисоб-китоблар билан ғалабага бўлган бошқача қараш ўртасидаги фарқни кўрсатиб турибди.
Хулоса: ўзгаришга тўсқинлик қилувчи омилларни енгиб ўтиш:
Мусулмонларнинг охиратни биринчи ўринга қўйишга тайёр туриши уларнинг сиёсий ҳаракатларга ва бошқа барча масалаларга бўлган ёндашувини тубдан ўзгартиради. Соф ақл ёки амалий нуқтаи назардан қараганда хавфли бўлиб кўринган қарорлар иймонга ва Ислом шариатига содиқлик билан қараганда оддий ҳолатга айланиб қолади.
Муваффақиятли ўзгариш фикратини амалга оширишдаги асосий тўсиқ — практицизмнинг устунлигидир. У қарорларни мавжуд тузум ичида дарҳол қўлланилиши мумкин бўлган нарсалар билангина чеклайди. Бироқ Ислом бошқача қарашни, яъни илоҳий ҳидоятга қатъий содиқликни, ахлоқий ишончлиликни ва тизимли покликни талаб қиладиган қўзқарашни таклиф қилади.
Бу тўсиқларни енгиш учун шахслар, сиёсий ҳаракатлар, бутун уммат ва Ислом давлати иймонни, тартибни ва Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолога таваккул қилишни ўзларида мужассам этишлари керак. Чунки ҳақиқий муваффақият Унга бўйсунишдадир.
Пайгамбар ﷺ шундай марҳамат қилдилар:
«لَا تَكُونُوا إِمَّعَةً؛ تَقُولُونَ إِنْ أَحْسَنَ النَّاسُ أَحْسَنَّا، وَإِنْ ظَلَمُوا ظَلَمْنَا، وَلَكِنْ وَطِّنُوا أَنْفُسَكُمْ إِنْ أَحْسَنَ النَّاسُ أَنْ تُحْسِنُوا، وَإِنْ أَسَاءُوا فَلَا تَظْلِمُوا».
«Одамлар яхшилик қилса яхшилик қиламиз, зулм қилишса зулм қиламиз дейдиган пасткаш кимсалар бўлманг, лекин (аксинча) одамлар яхшилик қилишса яхшилик қилишингиз, ёмонлик қилишса зулм қилмасликларингиз (тўғрисидаги ўй-фикр)ни ўзингизга сингдиринг». (Термизий ривояти).
Сумая бинт Ҳаят




