Ўзгаришда режимни тубдан йўқ қилиш

Ўзгаришда режимни тубдан йўқ қилиш
Устоз Исом аш-Шайх Ғаним
Ҳар қандай бошқарув ёки ҳокимият ёхуд давлат аппарати – қанчалик баландпарвоз ва ялтироқ сўзлар билан безалмасин – энг аввало, ўз иродасини амалга ошириш учун рақобатсиз, устун ва мажбурловчи кучга эга бўлишни тақозо этади. Ҳар қандай Умматнинг бошқаруви ўзининг ҳақиқий қалқони бўлган ўша Уммат билангина мустаҳкам бўлади. Агар Уммат ўз фикрлари ва олий мақсадларидан қанчалик даражада узоқлашса, бошқарув тизими ҳам шунчалик даражада заифлашиб бораверади. Бизнинг диёрларда 1924 йилдан кейин ҳокимият Қуръондан бутунлай узилди. Таъбир жоиз бўлса, Қуръон бир водийда, ҳокимият эса мутлақо бошқа водийда қолди. Ҳаттоки, бошқарув Қуръонга тик боқувчи ғанимга айланди. Бугунги режимлар бу аччиқ ҳақиқатни хаспўшлашга қанчалик уринмасин, бироқ воқеалар силсиласида бўй кўрсатаётган бу ҳақиқатни яширишнинг имкони йўқ.
Бошқарув ёки ҳокимият, шаклидан қатъи назар, пировардида маълум бир йўналиш ва муайян сиёсий қарашлар атрофида жипслашган одамлар гуруҳи қиёфасида намоён бўлади. Улар муайян бир тариқат (ғоявий йўналиш) асосида уюшиб, вақт ўтиши билан ҳокимиятга айланишади, бошқача айтганда нуфузли шахслар, раҳнамолар ва сиёсий вазнга эга таъсирли ва салмоқли кучларга айланишади. Бундай мартабага эришгач, уларнинг бошқаруви уюшиш ва жипслашиш тариқатига (тизимига) айланиб, бутун Умматни тўлиқ назорат остига олиш учун илдиз ота бошлайди. Бошқача айтганда, улар етакчилик ва бошқарувда ўзларига ҳеч ким рақиблик қилмаслиги ва ҳукм юритишларига бирор кимса тўсқинлик қилмаслиги учун бор имкониятларини сафарбар этадилар. Бундан кўзланган асосий мақсад — Умматни ўзлари белгилаган йўлга етаклаш ва ушбу йўналишни жамият тузилишининг ажралмас қисмига айлантиришдир.
Агар жамиятга инсонлар ва улар ўртасидаги алоқалар мажмуи деб қарасак, бу алоқаларнинг бошида турган ҳокимият одамлар онгига ўз ғояларини сингдириб, уларни ўша фикрга ишонтиришни истайди. Шу тариқа, Уммат эътиқод жиҳатидан ҳокимиятнинг Умматига айланади. Шунингдек, у инсонлар қалбида ватанпарварлик, миллатчилик каби туйғуларни шакллантириб, уларни халқ онгига сингдиришга ҳаракат қилади. Натижада, ҳокимият қайси томонга оғса, Уммат ҳам ўша томонга оғадиган бўлади. Буларнинг барчаси тизимнинг умрини узайтириш ва Умматнинг ўзи шу тизим ҳимоячисига айланиши учун қилинади. Бошқача айтганда, ҳукмрон режим ўз мафкуравий қудратидан келиб чиқиб, Умматни ўз эътиқодларига ишонтиришга ва ўзи қайси томонга оғса, элнинг ҳам нигоҳини ўша томонга буришга бор кучи билан ҳаракат қилади.
Бизнинг юртларда ҳокимият Умматга ёт бўлган ғарбча секуляр (дунёвий) йўналишни тиқиштирмоқда. Бу секуляр йўналиш миллатчилик, ватанпарварлик социализм, ёки бошқа қандайдир ниқобга ўралмасин, Умматнинг фикрларига ва майилларига зиддир. Умматнинг англаш даражаси юксалгани ва ислоҳотчи ҳаракатлари кучайгани сари, Уммат ва ҳокимият ўртасидаги зиддият ҳам шунчалик яққол намоён бўлиб бораверади. Бугунги Ислом Уммати бу режимларнинг асло ҳимоячиси эмас, аксинча, уларга қарши туриб, уларнинг заволини кутиб турибди. «Араб баҳори» воқеаларида халқлар ўзгариш истаб оёққа турганида, ҳукуматлар ўз хўжайинларининг кўмаги билан халққа қарши куч ишлатди. Оқибатда халқ ва режим ўртасидаги жарлик янада чуқурлашди. Бугунги бошқарувлар фириб, алдов ва зўравонлик билангина ўзини сақлаб турган ва ҳеч кимнинг асл иродасини ифода этмайдиган ёт тузилмаларга айланиб қолди.
Ўлкаларимиздаги ҳар бир режимнинг ўзига хос хусусиятларини, бошқарув тизимининг қандай тузилганини, унинг маҳаллий шароитларини ва уларни бошқариб турган халқаро кучларни яхши англасак-да, ҳозирча улар ҳақида гапиришни кейинга қолдириб, бу ерда фақатгина умумий бир хулоса билан кифояланамиз: Бу ҳокимият тепасидагилар — ўз курсисини сақлаб қолиш учун уйқусидан кечган бир гуруҳ кимсалардир. Зеро, улар учун бунда турли хил манфаатлар мавжуд: раҳбарлик лаззати, кўп сонли одамларни мажбурлаб ўз измига солиш ҳузури шунингдек, Ғарб томонидан юкланган «соқчилик» вазифасини бажаришда муваффақиятга эришиш гашти бор. «Соқчилик» вазифаси — бу Ислом билан курашиш, унинг ҳокимиятга келишига йўл қўймаслик ва Ғарб нуфузини ҳимоя қилишдир. Бу «соқчилар» интиладиган энг катта мукофот эса — коррупция ва ҳокимият суиистеъмолига ботиб, фоний дунё лаззатларига кўмилиб яшашдир.
Агар кутилган ўзгаришлар юз берса, унда ҳокимиятнинг асосий таянчи ҳисобланган қудратли қатлам бу ўзгаришга қарши бош кўтариб, вазиятни бир зумда эски ҳолига қайтариши мумкин. Агар янги кучлар дастлабки кунлардаёқ ўз мавқеини мустаҳкамлаб, эски ҳокимият бошқа кучларни жипслаштиришига ва аввалги ҳолатни тиклашига йўл қўймаса, демак, эски ҳокимият мағлуб бўлган ҳисобланади ва Ислом янги бошқарув тизими сифатида қарор топа бошлайди. Бундай вазиятда янги ҳокимиятнинг энг кечиктириб бўлмайдиган вазифаси — эски режим қолдиқларидан зудлик билан қутулиш бўлади.
Эски ҳокимиятнинг имкониятларини жиловлаш автоматик тарзда ва ўз-ўзидан содир бўладиган жараён деб ўйлаган киши хато қилади. Аксинча, бу ниҳоятда мураккаб вазифадир. Агар у тўғри бажарилмаса, ағдарилган ҳокимиятнинг қолдиқлари қайтадан бирлашиб, хавф солиши мумкин. Шу боис, шошилинч ва кескин чоралар кўрилиши зарур. Бу чораларнинг энг қуйи босқичи — қулатилган режим хизматкорларини қаттиқ назоратга олиш, уларнинг ҳар қандай ҳаракатини олдиндан пайқаб, илдизи билан йўқ қилишга қодир бўлишдир. Бироқ шундай савол туғилади: ағдарилган собиқ режимнинг айнан қайси хизматкорлари тўлиқ назоратга олиниши керак? Улар қандай тоифаларга бўлинади?
Ушбу мақола режим вакилларини икки асосий қисмга ажратишни таклиф қилади: биринчиси — режимнинг асл одамлари, иккинчиси — уларнинг ёрдамчилари. Сиёсий режимни бақувват йўғон танаси ва турфа шохлари бўлган дарахтга қиёслаш мумкин. Бу шохларнинг баъзилари кучли, баъзилари эса заифдир; шунингдек, унинг майда новдалари ва илдизлари ҳам бор. Ушбу қиёсга асосланиб, биз режим «дарахти»даги ҳар бир бўғин ва қатламга таъриф берамиз, уларнинг хавфлилик даражасини тушунтирамиз ва уларга қарши кўриладиган чораларни ва уларнинг муддатларини баён қиламиз.
- «Тана» — бу режимнинг асоси ва ўзагини ташкил этувчи шахслардир. Улар бу режимсиз яшай олмайди. Агар режим қуласа, улар дарҳол тил бириктириб, уни қайта тиклаш йўлларини излай бошлайди. Бошқача айтганда, улар сиёсий майдоннинг энг мустаҳкам ва барқарор ўзаги ҳисобланади. Бу одамлар занжири, ҳатто дастлабки авлод йўқ бўлиб, кейинги авлодга ўтса ҳам, ўзининг дунёвий (секуляр) йўналишини ва Исломга бўлган адоватини сақлаб қолади. Уларнинг Ғарб билан алоқаси бор-йўқлигидан қатъи назар, бу хусусият махфий тарзда авлоддан-авлодга ўтиб келаверади. Демак, бу қатлам мустақил ҳаракат қилишга ва ўз сафларини қайта тартибга солишга қодир. Ушбу қудратли гуруҳ режимнинг айнан ўзи бўлиб, бизнинг ўлкаларимизда Ғарб таъсирини ёйиш ва сақлаб қолишнинг асосий таянчи ҳисобланади.
Уларнинг сони давлатнинг катта-кичиклигига қараб фарқланади: масалан, Ливия ёки Яман каби кичикроқ давлатларда юз нафарга яқин бўлса, Миср ёки Покистон каби йирик ўлкаларда бу минг нафаргача етиши мумкин. Мазкур шахслар режимнинг бошқа вакиллари ва бутун сиёсий доиралар таянадиган асосий устун ҳисобланади. Улар барча «шохлар» учун қарор қабул қилувчи марказ ва таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади. Уларнинг салоҳияти ва сиёсий вазни шу қадар кучлики, керак бўлса, Ғарбнинг кўрсатмасисиз ҳам режимни ҳимоя қилиш учун мустақил қадам ташлай олади. Ҳокимиятнинг куч марказларини айнан шулар ташкил этади. Ўзгаришларнинг илк соатлариданоқ айнан шуларга нисбатан қатъий муносабатда бўлиш зарур ва уларнинг катта қисми билан боғлиқ масалалар ўзгаришнинг дастлабки уч куни ичида ҳал этилиши лозим.
- Режим «дарахти»нинг шохлари эса — биринчи тоифадаги шахслар томонидан режимни ҳимоя қилиш учун муайян лавозимларга тайинланган кимсалардир. Масалан, хавфсизлик тизимларининг раҳбарлари, вазирлар, ҳокимлар ва шулар жумласидан. Аслида булар режим қулаши билан ваколатлари тугаб, ўз-ўзидан ишдан кетадиган хизматчилардир. Бироқ, улар режим вакиллари билан узоқ вақт ишлашгани ва уларнинг манфаатлари ва ҳаёт тарзи ушбу режимга боғланиб қолгани сабабли, режимнинг ажралмас қисмига айланиб бўлганлар. Бу тоифадаги одамлар биринчи бўлимдаги, яъни «тана» ҳисобланган шахсларнинг кичик бир ишораси билан вазиятни аввалги ҳолига қайтариш умидида янги ҳокимиятга қарши ҳаракат бошлашлари мумкин. Улар одатда мустақил иш юритишмайди; фақат юқорининг кўрсатмаси билан ҳаракат қилишади, ўзларича қаршилик режаларини тузишга журъат этолмайдилар. Шунга қарамай, бу ҳолат уларнинг хавфини асло камайтирмайди.
Агар мавжуд режим вакиллари ушбу қатламдаги кимсаларни Ғарбга олиб бориб, уларнинг онгига дунёвийлик (секуляризм) ғояларини сингдирса ҳамда бу мафкурани ёйиш ва ҳимоя қилиш учун ўз вазирликлари ва идоралари орқали тизимли иш ташкил этса, у ҳолда ушбу қатламнинг «кучли» ва «заиф» шохларини ажратиб турувчи асосий мезон — уларнинг Ғарб билан бўлган алоқаси бўлади. Шу боис, ўзгариш йўлида ҳаракат қилаётганлар амалдаги режимнинг Ғарб билан боғланган барча марказларини аниқ билишлари шарт. Ғарб, шубҳасиз, биринчи галда армия қўмондонлиги ва хавфсизлик тузилмалари билан алоқа ўрнатади. Бу алоқалар пойтахт билангина чекланиб қолмай, балки вилоятларга ҳам етиб боради. Шунингдек, у таълим каби иккинчи даражали вазирликларга ҳам кириб бориб, ўз секуляр (дунёвий) қарашларини ёйиш ҳамда улардан Исломга қарши ғов сифатида фойдаланади. Демак, эътибор қаратиш шарт бўлмаган «заиф шохлар» — бу Ғарб билан бевосита алоқаси бўлмаган бўғинлардир. Бу ҳар бир давлатнинг ўзига хос тузилишига қараб фарқ қилиши мумкин; масалан: вақфлар, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва алоқа вазирликлари каби. Агар Ғарбнинг бу каби заиф бўғинлар билан алоқаси шунчаки техник ёки касбий кўмак билан чекланса, унда буни эътибордан соқит қилиш мумкин. Чунки ўлкаларимизда Ғарбнинг таъсири анча кенг илдиз отган. Бошқача айтганда, шунчаки оддий хизматчи бўлиб қолган заиф томон билан режимга чатишиб кетиб, унинг ажралмас бўлагига айланган асосий шахсларни фарқлай билиш лозим.
Кучли шохлар»ни ташкил этувчи кимсалар — булар марказдаги асосий раҳбарлар, уларнинг яқин атрофидагилар ҳамда вилоят ва туманлардаги бошқарувчилар ҳамда уларнинг атрофидаги доиралардир. Уларга нисбатан ҳам зудлик билан чора кўриш талаб этилади: ўзгаришнинг биринчи ҳафтасидаёқ уларнинг бошлиқларидан бошлаб, босқичма-босқич қуйи бўғинларига ўтиш ва иккинчи ой бошлангунга қадар улар устидан тўлиқ назорат ўрнатиш зарур. Миср, Саудия ёки Ироқ каби давлатларда бундай шахслар сони камида ўн минг нафарни ташкил этади. Режим «дарахти»нинг майда шохлари эса жуда катта сонли одамлардан иборатдир: қуйи даражадаги офицерлар, хавфсизлик хизматининг оддий ходимлари ва ағдарилган режимнинг бошқа хизматчилари ва ҳоказо. Буларнинг сиёсий аҳамияти катта эмас ва бирор жиддий хавф туғдирмагунча улар билан шуғулланишни кечиктириш мумкин. Аслида улар шунчаки маош учун ишлайдиган хизматчилардир. Бошқача айтганда, агар бирор ташкилот уларга аввалги режим маошидан юқорироқ ҳақ ёки яхшироқ иш шароити таклиф қилса, улар аввалги режимдан осонгина воз кечишади. Бироқ, Уммат кўпинча уларни режимнинг асосий таянчи деб билади. Чунки улар ўз хизмат вазифаси юзасидан хавфсизлик ходимлари сифатида халқ ҳаракатларига қарши туриб, режимни ҳимоя қилади. Умуман олганда, улар хавфли эмас. Чунки улар ҳокимиятнинг ўзи эмас, балки унинг ёрдамчиларидир. Шунга қарамай, улардан қайтадан қурол сифатида фойдаланишга йўл қўймаслик учун улар узоқ муддатли ва қаттиқ назорат остида тутилиши лозим. Бу «ёрдамчилар» Уммат ва унинг янги ҳокимиятига айғоқчилик қилиш учун «ўчоқ» бўлиб қолаверади ва Ғарб учун Ислом ўлкаларида сотиб олиш мумкин бўлган энг арзон «товар» ҳисобланади. Уларнинг айримлари Умматнинг куч-қудрати намоён бўлганда ўзгаради, баъзилари эса йиллар давомида кўниккан бузғунчи муҳитини қўмсаб, унга қайтишни хоҳлайверади.
Ҳокимият малайларининг сўнгги тоифаси — биз «илдизлар» деб атайдиган қисмдир. Бу тоифанинг энг хавфли жиҳати Уммат ичида кенг ёйилгани, яъни барча шаҳар ва қишлоқларда мавжудлигидир. Уларнинг баъзилари умуман давлат хизматчиси бўлмаслиги ва ўз шахсий иши билан машғул бўлиши мумкин, лекин шунга қарамай, амалдаги ҳокимиятни жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Бу уларнинг режимга бўлган ички ишончидан далолат беради.
Уларни қандай таниб олиш мумкин? Бундай кимсалар ҳокимиятни ҳимоя қилиш учун ўз ихтиёри билан майдонга чиқадилар, ҳеч ким топшириқ бермаса-да, уни ёқлаб ёрдамга шошиладилар. Улар буни амали ёки даромадидан айрилиб қолиш қўрқувидан эмас, балки амалдаги режим уларнинг дунёқараши ва эътиқодини ифода этгани учун қиладилар. Халқ бу «илдизларни» яхши танийди ва уларни режимнинг жамиятдаги сўнгги вакиллари, яъни режимнинг марказий қудратига энг яқин бўлган қатлам сифатида кўради.
Тахминан олганда, бу қатлам Умматнинг мингдан иккисини ташкил этади. Бу кўрсаткич ҳудудларга қараб бироз ортиши ёки камайиши мумкин. Ушбу кимсалар Исломга ва унинг бошқарувига адоват сақловчи хавфли кимсалардир. Зеро, улар намоз ўқиб, рўза тутсалар-да, табиатлари дунёвийлик (секуляризм) ёки миллатчилик асосида шаклланган ва бу уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Улар Исломни сиёсатга аралашишга ҳаққи бўлмаган шунчаки бир эътиқод деб биладилар. Уларни турли исломий жамоаларга нисбатан ашаддий адоватидан таниб олиш мумкин. Амалдаги режим вакиллари Уммат ичида ўз таъсирини ўтказишда айнан мана шу қатламга таянишади, гарчи бу тоифадаги кимсалар давлат хизматчиси бўлмаса ҳам, ундан наф кўрмаса ҳам, ҳатто мухолифатда бўлса ҳам. Чунки ҳар бир режимнинг ўз табиатига мос, ўзига ўхшаш «мухолифати» бўлади.
Агар вазият ўзгариб, шамоллар тескари эса бошласа, булар Исломни ҳокимиятдан ағдариш учун кўнгиллиларнинг олдинги сафида туришади. Шу боис, уларга нисбатан сергак бўлиш ва тизимли иш олиб бориш зарур. Ўзгаришлар бошланган дастлабки уч ой ичида уларни аниқлаб, қаттиқ назоратга олиш ва ҳар қандай хатти-ҳаракатларини бошидаёқ бостириш лозим. Бундай чоралар ушбу қатламга нисбатан қўлланиладиган энг енгил чора ҳисобланади. Исломнинг жамиятда муваффақиятли ёйилиши ва қарор топиши учун бу тоифадаги одамларнинг жамиятдаги обрўси ва таъсирига чек қўйилиши лозим. Ислом мустаҳкамланиб, унинг вакиллари ҳатто энг чекка қишлоқларда ҳам ўз ўрнига эга бўлгунга қадар, бу кимсаларга ҳар қандай ижтимоий фаолият билан шуғулланиш қатъий тарзда тақиқланиши зарур.
Ушбу мақола Ғарбга қарам бўлган ҳокимиятни «саратон» ўсимтаси каби кўринишини, бошқача айтганда, унинг раҳбарларини, етакчиларини, давлат ва жамиятдаги нуфузли шахсларини таг-туги билан йўқ қилиш учун айнан шундай кескин қадамлардан бошлашни таклиф этади. Шунингдек, ўзгариш бошланиши билан дунёвийлик (секуляризм) «саратони»нинг бутунлай супуриб ташланишини талаб қилади. Токи бу «қора қатламлар» қайта жонланиб, янги Ислом ҳокимиятига қарши бош кўтариши мумкин бўлган «кул остидаги чўғ» бўлиб қолмасин.
Юқорида зикр этилган уч тоифадаги ҳокимият вакиллари Аллоҳнинг дини устувор бўлишига тўсқинлик қилувчи мустаҳкам девор эканини теран англамоқ зарур. Улар юртимизда Ғарбнинг илғор соқчилари бўлиб, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг олий бўлишига йўл қўймаслик учун кечаю кундуз ҳаракат қилаётган асосий кучдир. Бинобарин, Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши йўлида бу кучга нисбатан дарҳол ва қатъият билан чора кўриш зарур. Унинг «танаси» билан тезкор машғул бўлиш ва бақувват «шохлари»ни дарҳол назорат остига олиш ҳамда «илдизларини» кечиктирмасдан суғуриб ташлаш лозим. Бу ўринда (Макка фатҳидаги каби) «Боринглар, сизлар озодсизлар» қабилида иш тутиш нотўғри бўлади. Чунки зулмга асосланган, Умматни таҳқирлаб, унга куфрни мажбурлаб тиқиштирган ва Исломнинг устун бўлишига ғов бўлаётган кучларга нисбатан бундай юмшоқлик қилиш тўғри бўлмайди.
Ҳозирги Исломий ўлкалардаги ҳокимият вакиллари ва уларнинг хизматкорлари Умматнинг бир бўлаги эмас, балки Исломнинг ашаддий душманлари ва куфр билан бир сафда турувчи кимсалардир. Шунинг учун уларга нисбатан юмшоқ муносабатда бўлиш мумкин эмас. Мисрда Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Муҳаммад Мурсийга нисбатан қилган шафқатсизлигини ва бошқа кўплаб мисолларни ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Шу боис, уларга нисбатан қатъий ва алоҳида ҳукмлар қўлланиши керак. Бундай муносабат қандай бўлишини узун нутқлардан кўра, содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар тили яхшироқ тушунтириб беради.
وَيَقُولُونَ مَتَىٰ هُوَۖ قُلۡ عَسَىٰٓ أَن يَكُونَ قَرِيبٗا
«Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!» (Исро: 51).




