Учинчи рошид Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу

Учинчи рошид Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу
Усмон розияллоҳу анҳу жаннат хуш хабари берилган ўнта саҳобанинг бири, Росулуллоҳ ﷺ улардан рози бўлиб вафот этган саҳобаларнинг олтинчиси, рошид халифаларнинг учинчиси ва мўминлар амиридир.
Бу улуғ саҳоба Фил йилидан олти йил олдин туғилган бўлиб, Исломнинг бошланиши, яъни Росулуллоҳ ﷺ Арқамни уйига бормасдан Исломни қабул қилди. Абу Бакр уни Исломга даъват қилар экан, эй Усмон, ҳолингга вой бўлсин! Аллоҳга қасамки, албатта сен ҳақ билан ботилни орасини ажрата оладиган кишисан. Қавминг ибодат қилаётган ушбу санамлар эшитмайдиган, кўрмайдиган, фойда ҳам зарар ҳам бермайдиган тош эмасми? – деди. Шунда Усмон: Аллоҳга қасамки худди шундай, деди. Абу Бакр эса: Аллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳни барча халқларига элчи қилиб юборди, бориб унинг сўзларини тингламайсанми, деди. Усмон: майли деб турган эди ҳамки, Росулуллоҳ ﷺ ўтиб қолдилар ва эй Усмон Аллоҳнинг жаннатига шошил, Албатта мен сенга ва барча инсонларга юборилган Аллоҳнинг элчисиман, дедилар. Аллоҳга қасамки, Усмон шу заҳоти Исломни қабул қилди, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва унинг шериги ҳам йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг қули ва элчиси деб гувоҳлик бераман, деди.
Дарҳақиқат Усмон ибн Аффон табиати юмшоқ, муомаласи енгил ва тез дўстлашиб кетадиган киши эди. Шунингдек, у доимий намоз ўқиш билан машғул, самимий, Аллоҳдан қаттиқ қўрқадиган, Роббисига кўп тавба қиладиган киши эди. Усмон розияллоҳу анҳу яна ҳалим, саҳий, ҳаёли ва иффатли киши эди. Унинг саҳийлиги шу даражада эдики, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ундан эллик минг динор қарзи бор эди. Талҳа унга қарзни қайтариш вақти келди уни ол деганида Усмон: Эй Абу Муҳаммад улар сенга, мардлигинг учун ёрдам деган эди. Росулуллоҳ ﷺ унинг ҳаёси ҳақида шундай деган эдилар: «Умматим ичида энг ҳаёлиси Усмондир». Имом Муслим ўзининг саҳиҳ тўпламида Оиша онамиздан шундай ривоят қилади: Росулуллоҳ ﷺ менинг уйимда болдири ёки сони очиқ ҳолда чўзилиб ётган эдилар, Абу Бакр киришга рухсат сўради. Унга рухсат берилгач, кириб У киши билан суҳбатлашди. Сўнгра Умар рухсат сўраган эди, у билан ҳам суҳбатлашди. Сўнгра Усмон рухсат сўраган эди, Росулуллоҳ ﷺ ўтириб очиқ жойини кийими билан ўрадилар. Сўнгра Усмон кирди ва у билан суҳбатлашгач, чиқиб кетди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳу Абу Бакр кирди эътибор бермадингиз, Умар кирди эътибор бермадингиз, Усмон киргач, ўтириб, очиқ жойингизни ўраб олдингиз деди. Шунда Росулуллоҳ ﷺ: Ахир фаришталар ҳаё қиладиган кишидан мен ҳаё қилмайинми? – дедилар. Одамлар уни қаттиқ яхши кўрар эди. Ҳатто Қурайшлик аёллар ўз боласини Қурайш Усмонни яхши кўрганидек сени яхши кўраман, деб эркалатар эди.
Бу саҳоба Ислом динига катта ёрдам қилгани учун бу борада улкан мақомга эга эди. Усмон Исломни қабул қилгач, Аллоҳ йўлида, амакиси Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя томонидан қаттиқ азоб чекди. Амакиси унга: Ота буваларинг динини ташлаб янги динни қабул қиласанми? Аллоҳга қасамки, бу динни ташламагунингча сени ҳоли қўймайман, деди. Шунда Усмон: Мен бу динни ҳеч қачон тарк этмайман, деди. Ҳакам уни ўз динида мустаҳкам турганини кўргач, уни тарк этди… Сўнгра Усмон Ҳабашистонга ҳижрат қилди… У машаққатли (молияга муҳтож) қўшин (Табук ғазоти)ни барча нарса билан жиҳозлаган эди. Абдурроҳман ибн Ҳаббоб Силмий шундай ривоят қилади: Пайғамбаримиз ﷺ хутба қилар экан, машаққатли қўшинни жиҳозлашга қизиқтирди. Шунда Усмон: Юзта туя эгар жабдуқлари билан бирга мендан, деди. Росулуллоҳ ﷺ яна қизиқтирган эди, Усмон яна юз туя эгар жабдуқлари билан бирга мендан, деди. Росулуллоҳ ﷺ минбарнинг зинапояларидан тушар экан, яна қизиқтирган эди, Усмон яна юзта туя эгар жабдуқлари билан бирга мендан, деди. Термизий Абдурроҳман ибн Самрадан шундай ривоят қилади: Росулуллоҳ ﷺ машаққатли қўшинни жиҳозлашга қизиқтиргач, Усмон розияллоҳу анҳу минг динор олиб келиб Росулуллоҳ ﷺнинг ҳужрасига қўйди. Абдурроҳмон айтади: Росулуллоҳ ﷺ уни санар экан: «Бугундан бошлаб Усмоннинг қилган ишлари унга зарар бермайди» (яъни Усмон қўшинни жиҳозлагани учун Аллоҳ унинг аввалги ва охирги гуноҳларини афв қилди), деб икки марта айтдилар. Имом Бухорий ўзининг саҳиҳ тўпламида Росулуллоҳнинг шундай деганларини ривоят қилган: «Ким машаққатли қўшинни жиҳозласа, унга жаннат бўлади». Шунда Усмон уни жиҳозлади. Усмон розияллоҳу анҳу машаққатли қўшинни жиҳозлагач, Росулуллоҳ ﷺ у ҳақда шундай деганлари ривоят қилинган: «Эй Аллоҳим Усмондан рози бўл, мен ундан розиман».
Усмон розияллоҳу анҳу Рума қудуғини қаздириб, уни мусулмонларга садақа қилган эди. Саҳиҳ Бухорийда эса, Росулуллоҳ ﷺ шундай деганлари ривоят қилинган: «Ким Рума қудуғини сотиб олса, унга жаннат бўлади». Шунда Усмон уни ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олиб, уни мусулмонларга садақа қилиб юборди… Шунингдек, Росулуллоҳнинг масжиди торлик қилиб қолгач, унинг атрофидаги ерларни сотиб олиб масжидни кенгайтирди… Унинг Халифалиги даврида Қуръони карим жамланди ва исломий фатҳлар кенгайиб, ернинг шарқию ғарбига етди.
Унинг ибодати:
Усмон Қуръонни Пайғамбаримиз ﷺнинг ўзидан эшитди, шунинг учун у Қуръонни Росулуллоҳ ﷺ ҳаётлик чоғида ёд олган кам сонли саҳобалардан бири эди. Пайғамбаримиз ﷺнинг
«خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ»
«Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ўргатганингиздир», деган ҳадисини ривоят қилган ҳам Усмон розияллоҳу анҳудир. Муҳаммад ибн Сирин айтади: «Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бир кечада ва бир ракатда Қуръоннинг барчасини ўқир эди». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳ Таолонинг:
﴿أَمَّنۡ هُوَ قَٰنِتٌ ءَانَآءَ ٱلَّيۡلِ سَاجِدٗا وَقَآئِمٗا يَحۡذَرُ ٱلۡأٓخِرَةَ وَيَرۡجُواْ رَحۡمَةَ رَبِّهِۦۗ﴾
«Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмат-тик турган ҳолда тоат-ибодат қилгувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)?!» [Зумар 9]
деган каломидаги шахс Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудир деган. Ривоят қилинишича, уни ўлдириш учун келишганида унинг аёли: «Уни хоҳ ўлдиринг ёки ўлдирманг, Аллоҳга қасамки, у бутун тунни бир ракат билан ўтказадиган зотдир», деган эди. Усмон тижорати билан банд бўлмади, Халифа бўлгач ҳам, Аллоҳнинг каломини қўймади. Унинг таъсирли сўзларидан бири: «Агар қалбларингиз пок бўлганида, Аллоҳнинг каломига тўймаган бўлар эди», дер эди. Яна У: «Мен Қуръонга қарай олмайдиган кун келишини ёмон кўраман», «Мен дунёда уч нарсани яхши кўрдим: қорни очларни тўйғазиш, яланғочларни кийинтириш ва Қуръон тиловат қилиш», дер эди. Ибн Можжа ривоят қилади: «Усмон қабр олдида турса, йиғлаб, соқоллари ҳўл бўлиб кетар эди. Шунда унга жаннат ва дўзах эслатилса йиғламайсиз, лекин бунга йиғлайсиз дейишса, у албатта қабр охиратнинг биринчи манзилидир. Унда нажот топсанг, ортидан ундан енгилроқ нарса йўқ. Агар нажот топмасанг, ортидан оғирроқ нарса йўқ», деган эди. Аҳмад ривояти. Усмон кундузи рўзадор ва тунда намоз билан қоим бўлиб, Аллоҳдан кўпроқ қўрқар ва Қуръон тиловати билан машғул эди. Унинг: «Мен жоҳилият даврида ҳам, Исломда ҳам на ўғирлик ва на зино қилдим», деган сўзлари уни тақволи эканига далилдир.
Қуръони каримни битта мусҳафга жамлаши
Унинг Халифалиги даврида Ислом кўп ўлкаларга тарқалди ва саҳобалар турли жойларга бўлиниб кетишди. Бу эса, турли қироатлар пайдо бўлишига олиб келди ва турли лаҳжалар тарқалди. Шунда Қуръонни турли тарзда ёзилиши ва лаҳжаларнинг ўзгариши хавфи туғилди. Шунинг учун Усмон Қуръондан нусха олиш, уни ёзиш ҳамда уни Қурайш тилида, битта алифбо асосида жамлашга буйруқ берди. Росулуллоҳ ﷺ даврида Қуръон қоғоз парчалари, дарахт пўстлоқлари ва саҳобаларнинг ёдида сақланган эди. Сўнг Абу Бакр Сиддиқ саҳифаларга жамлади, кейин Усмон битта мусҳафга жамлади ва у Усмон мусҳафи деб номланди. Сўнг ундан бир неча нусха кўчирилиб, мусулмонларнинг турли юртларига юборилди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Анас ибн Молик шундай дейди: «Хузайфа ибн Ямон Усмоннинг олдига келиб: Эй мўминлар амири бу Уммат китоб борасида яҳудий ва насронийлар каби ихтилофлашидан олдин унинг олдини ол, деди. Шунда Усмон Ҳафсага ундан нусха кўчириб яна қайтариш учун Қуръон юборишини буюриб элчи юборди. Ҳафса уни Усмонга юборган эди, Усмон Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос, Абдурроҳман ибн Хорис ибн Ҳишомларга ундан нусха кўчиришларига буюрди ва улар нусха кўчиришди.
Усмон Қурайшдан бўлган уч кишига: Агар сизлар Зайд ибн Собит билан келиша олмасангиз, уни Қурайш тилида ёзинг, чунки Қуръон уларнинг тилида нозил бўлган деди. Улар буйруқни бажаришди. Улар кўчириб бўлишгач, Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтарди. Сўнгра кўчирилган мусҳафларни турли томонларга юбориб, ундан бошқа нусхаларни ёқиб юборишга буюрди. Шунинг учун у Мусҳафул имом деб номланди.
Усмон розияллоҳу анҳу давридаги фатҳлар
Усмон розияллоҳу анҳу Халифаликка ўтиргач, олдинги икки халифа даврида бўлганидек, у ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳод қилишда давом этди. Тарихчиларнинг ёзишича, унинг Халифалик даврида Форс юртларидан Табаристон, Туркия, Хуросон ва Нишопур фатҳ қилинди. Нишопур Умар даврида фатҳ қилинган бўлиб, у ернинг аҳолиси ўзларидан олинган нарсаларни қайтариб олиш ва мулкларини давлат назоратидан озод қилиш учун қўзғолон кўтаришганди. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу Басра ва Куфадаги қўшинни Форс юртига бориб, қўзғолон кўтарган одамларга қарши уруш қилиш учун юборди. Шундай қилиб, Форс юртида яна жиҳод бошланди ва Амурия, Антокия ва Африка шимоли фатҳ қилинди. Усмон Амр ибн Осни ўз қўшини билан Триполи ва Танжага боришини буюрди ва улар Жазоиргача етиб боришди. Дарҳақиқат, Усмон византияликлар ҳужумидан исломий соҳилларни ҳимоя қилиш учун биринчи исломий флотни тиклади. Натижада, Кипр ва унинг ортидаги ерлар фатҳ қилиниб, ҳатто Рим юртигача етиб боришди.
Усмон розияллоҳу анҳунинг Росулуллоҳ ﷺ олдидаги ҳурмати ва ундан кейинги мусулмонлар
Усмон Бадрдан бошқа барча жангларда қатнашди. Чунки Бадрда унинг аёли Руқия касал бўлиб қолган эди. Росулуллоҳ ﷺ унга ҳам катта улуш ажратди. Руқия катта Бадр ғазотидан кейин вафот этди. Шунда Росулуллоҳ ﷺ унга Умми Гулсумни никоҳлаб қўйдилар. Шунинг учун уни Зуннуройн (яъни икки нур соҳиби) деб аташган эди. Уламолар айтишича: Усмондан бошқа ҳеч ким Пайғамбарнинг икки қизига уйланмаган. Росулуллоҳ ﷺ: «Агар учинчи қизим бўлганида уни Усмонга никоҳлаб қўйган бўлар эдим», дегани ривоят қилинган. У ва аёли Руқия биринчилардан бўлиб Ҳабашистонга ҳижрат қилишди. Усмон байъати ризвонда қатнашмади, чунки Росулуллоҳ ﷺ уни Маккага юборган эди. Уни Маккада ўлдирилгани ҳақида хабар тарқалди. Шунда Росулуллоҳ ﷺ ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, бу Усмондан деган эдилар. Шунинг учун ушбу байъат Байъати ризвон деб номланди. Ушбу воқеани батафсил айтадиган бўлсак, у Ҳудайбияда бўлган эди. Росулуллоҳ ﷺ Усмон ибн Аффонни Абу Суфён ва Қурайшга Росулуллоҳ ﷺ уришиш учун эмас, балки Байтуллоҳни зиёрат қилиш ва уни улуғлаш учун келганини айтиш учун элчи қилиб юбордилар. Усмон бориб, Абан ибн Саид ибн Осга йўлиқди. Шунда у Усмон Росулуллоҳ ﷺнинг мактубини етказиши учун уни ўз ҳимоясига олди. Усмон Абу Суфён ва Қурайшнинг улуғларига бориб, Росулуллоҳ ﷺнинг мактубини етказди. Усмон мактубни ўқиб бўлгач, улар Усмонга: Агар байтни тавоф қилишни истасанг, тавоф қил дейишди. Усмон эса: Росулуллоҳ ﷺ уни тавоф қилмагунча мен ҳам тавоф қилмайман деган эди, Қурайш уни ҳибсга олди. Росулуллоҳ ﷺга Усмон ибн Аффон ўлдирилди, деган хабар етиб келди. Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилгани ўз тасдиқини топмагач, Росулуллоҳ ﷺ Усмон учун ҳам байъат қилди, бунда Усмоннинг тирик эканига ишора бор эди. Росулуллоҳ ﷺ ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб: Эй Аллоҳим бу сенинг ва Росулингнинг ҳожатини чиқариш учун кетган Усмондан деди. Саҳиҳ Бухорийда Қатодадан ривоят қилинишича, Анас розияллоҳу анҳу айтади: Росулуллоҳ ﷺ Уҳудга чиққанда у билан бирга Абу Бакр, Умар ва Усмон бор эди. Шунда Уҳуд силкинган эди Росулуллоҳ ﷺ: «Эй Уҳуд тинчлан», дедилар. Менимча, У киши оёғи билан Уҳудни тепдилар. Сўнгра: «Сенинг устингда фақатгина Пайғамбар, Сиддиқ ва икки шаҳид бор», дедилар. Имом Термизий Ҳарс ибн Абдурроҳмандан, у эса Талҳадан ривоят қилишича, Росулуллоҳ ﷺ айтадилар:
«لِكُلِّ نَبِيٍّ رَفِيقٌ، وَرَفِيقِي فِي الْجَنَّةِ عُثْمَانُ بْنُ عَفَّانَ»
«Ҳар бир Пайғамбарнинг жаннатда дўсти бўлади, менинг жаннатдаги дўстим Усмон ибн Аффондир». Ибн Асокир Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда у киши шундай дейди: Пайғамбаримиз ﷺ Мадинадаги бир тўсиқ ортида бўлиб қўлида ҳассаси бор эди. Шунда бир киши келиб, киришга рухсат сўраган эди, Росулуллоҳ ﷺ: эшикни оч ва у жаннати экани ҳақида хабар бер, дедилар. Мен эшикни очиб, унинг жаннати экани ҳақида хабар бердим ва қарасам, у Абу Бакр экан. Сўнгра яна бир киши келиб, рухсат сўраган эди. Росулуллоҳ ﷺ эшикни очиб, унинг жаннати экани ҳақида хабар бер, деди. Мен эшикни очиб, унинг жаннати экани ҳақида хабар бердим ва қарасам Умар экан. Сўнгра яна бир киши келиб, рухсат сўради. Росулуллоҳ ﷺ эшикни очиб, етадиган балолар эвазига у жаннати экани ҳақида хабар бер, дедилар. Мен эшикни очиб, етадиган балолар эвазига унинг жаннати экани ҳақида хабар бердим ва қарасам Усмон экан. Абу Мусо Ашъарий айтдики, ёрдам бергувчи ёлғиз Аллоҳдир ва мен у зотга таваккал қилдим.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Пайғамбаримиз ﷺ замонида Абу Бакр, Умар ва Усмонни ҳеч кимга тенглаштирмас эдик. Сўнгра саҳобаларнинг бирортасини бошқасидан афзал кўрмадик».
Ривоят қилинишича, Али розияллоҳу анҳу: «Усмон бизнинг ичимизда энг кўп қариндошликни боғлайдиган кишидир» деган. Оиша онамизга Усмоннинг ўлдирилгани хабари етиб келгач: «Уни ўлдиришди, у энг кўп қариндошликни боғлайдиган ва Роббисидан энг кўп қўрқадиган киши эди», деган эди. Абу Ҳайсама Заҳҳокдан, у эса Низол ибн Сабрадан ривоят қилишича, у киши айтади: Али ибн Абу Толибга Усмон ҳақида айтиб бер деган эдик, у: Усмон осмон халқи ичида зуннуройн деб исмланади. Усмон машаққатли қўшинни жиҳозлаганда Росулуллоҳ ﷺ «Усмоннинг бугундан бошлаб қилган ишлари зарар бермайди» – деганлар.

