Жаннат боғлари

Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳий розияллоҳу анҳунинг Исломга кириши қиссаси

Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳий розияллоҳу анҳунинг Исломга кириши қиссаси

Ибн Исҳоқнинг Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Зубайрдан, у эса Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан  чиқариб ривоят қилишича, у шундай дейди: Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳий Бадр аҳлига етган мусибатлардан бироз кейин Сафвон ибн Умайя билан ал-Ҳижрда ўтирган эди – Умайр ибн Ваҳб Қурайш шайтонларидан бири бўлиб, Маккада Расулуллоҳ ﷺга ва у кишининг асҳобларига озор берган ва азият етказганлардан бири эди. Унинг ўғли Ваҳб ибн Умайр Бадр асирлари орасида эди – У Қалиб қудуғига ташланганларни ва уларга етган мусибатларни эслаган эди, Сафвон: «Оллоҳга қасамки, улардан кейин яшашнинг ҳеч қизиғи қолмади», деди. Буни эшитиб Умайр: «Тўғри айтдинг, аммо – Оллоҳга қасамки – агар устимда узолмаган қарзим бўлмаганда эди ва аҳли аёлимнинг мендан кейин қаровсиз саргардон бўлиб қолишидан қўрқмаганимда эди, отланиб Муҳаммаднинг ҳузурига бориб, уни ўлдирган бўлардим. Чунки бунга асосим бор. Ўғлим уларнинг қўлига асир тушиб қолди», деди. Сафвон ибн Умайя буни эшитиб, вақтни ғанимат билди ва унга шундай деди: «Сенинг қарзинг менинг бўйнимга, уни сенинг ўрнингга мен тўлайман. Аҳли аёлингга ҳам ўз аҳли аёлим билан бирга қараб тураман. Модомики, аҳли аёлинг тирик экан, уларни қаровсиз ташлаб қўймайман, улар қарамоғимда бўлади». Буни эшитган Умайр унга: «Бу маслаҳатимиз иккимиз ўртамизда сир бўлиб қолсин. Ҳеч кимга айтма», деди. Сафвон: «Хўп», деди. Шундан кейин Умайр қиличини келтиришни буюрди. Уни чархлаб, заҳар суртди. Сўнгра йўлга тушди. У Мадинага етиб келган пайтда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир неча мусулмонлар билан Бадр куни ҳақида сўзлашиб, Оллоҳ ўзларини нималар билан иззат-икром қилганини ва душманлари томонидан ўзларига нималарни кўрсатганини эслаб ўтиришган эди. Шунда тўсатдан Умар розияллоҳу анҳунинг назари қилич тақиб олиб, масжид эшигига яқинлашиб қолган Умайр ибн Ваҳбга тушиб қолди-да: «Оллоҳнинг душмани бўлган бу ит Умайр ибн Ваҳб-ку, у бу ерга фақат бир ёвуз ниятда келган. У ўртамизга низо солган ва Бадр кунида қавмни бизга қарши қайраган кимсадир», деди.

Шундан кейин Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ ﷺнинг ҳузурларига кириб: «Эй Оллоҳнинг пайғамбари, Оллоҳнинг душмани бўлмиш анави ибн Ваҳб қиличини тақиб келибди», деди. Буни эшитган Пайғамбаримиз:

«فَأَدْخِلْهُ عَلَيَّ»

«Уни ҳузуримга киритинг», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу чиқиб уни бўйнидаги қиличининг қайишидан ушлаб ва ёқасидан бўғиб олди ва ўзи билан ўтирган ансорларга: «Расулуллоҳ ﷺ ҳузурига киринглар, у кишининг ҳузурида ўтиринглар ва манави ифлоснинг у кишига зарар етказиб қўйишидан хушёр бўлинглар, чунки унга ишониб бўлмайди», деди. Шундан сўнг Умайр ибн Ваҳб Расулуллоҳ ﷺ ҳузурларига кирди. Расулуллоҳ ﷺ Умар уни бўйнидаги қиличи қайиши билан бўғиб турганини кўриб:

«أَرْسِلْهُ يَا عُمَرُ. اُدْنُ يَا عُمَيْرُ»

«Эй Умар уни қўйиб юборинг. Яқинроқ кел, эй Умайр», дедилар. Шунда Умайр яқинроқ келиб: «Хайрли тонг», деб жоҳилият саломини берди. Расулуллоҳ ﷺ буни эшитиб:

«قَدْ أَكْرَمَنَا اللهُ بِتَحِيَّةٍ خَيْرٍ مِنْ تَحِيَّتِكَ يَا عُمَيْرُ، بِالسَّلامِ تَحِيَّةُ أَهْلِ الْجَنَّةِ»

«Оллоҳ бизни, эй Умайр, сенинг саломингдан кўра яхшироқ бўлган жаннат аҳли айтадиган салом, деган лафз билан икром қилиб сийлади», дедилар. Умайр: «Эй Муҳаммад, бундай саломни биринчи бор эшитиб турибман», деди. Пайғамбаримиз ﷺ унга:

«فَمَا جَاءَ بِكَ يَا عُمَيْرُ؟»

«Эй Умайр бу ерга нима мақсадда келдинг?», дедилар. Умайр: «Қўлларингиздаги анави асир учун келдим, унинг хусусида яхшилик қилинглар», деди. Пайғамбаримиз ﷺ:

«فَمَا بَالُ السَّيْفِ فِي عُنُقِكَ؟»

«У ҳолда нега бўйнингга қилич осиб олдинг?», дедилар. Умайр: «Оллоҳ уни қабиҳ қиличлар қаторига қўшсин! Ахир у жонимизга оро кирдими?!» – деди. Пайғамбаримиз ﷺ:

«اِصْدِقْنِيْ مَا الَّذِيْ جِئْتَ لَهُ؟»

«Нима мақсадда келганингни менга рост сўзла», дедилар. Умайр: «Фақат ана шу учун келдим, холос», деди. Пайғамбаримиз ﷺ:

«بَلْ قَعَدْتَ أَنْتَ وَصَفْوانُ بْنُ أُمَيَّةَ فِي الْحِجْرِ، فَذَكَرْتُمَا أَصْحَابَ الْقَلِيْبِ مِنْ قُرَيْشٍ، ثُمَّ قُلْتَ: لَوْلا دَيْنٌ عَلَيَّ وَعِيَالٌ عِنْدِيْ لَخَرَجْتُ حَتَّى أَقْتُلَ مُحَمَّداً، فَتَحَمَّلَ لَكَ صَفْوَانُ بْنُ أُمَيَّةَ بِدَيْنِكَ وَعِيَالِكَ عَلَى أَنْ تَقْتُلَنِيْ لَهُ، وَاللهُ حِائِلٌ بَيْنَكَ وَبَيْنَ ذَلِكَ»

«Йўқ, ундай эмас, аксинча, сен ва Сафвон ибн Умайя ал-Ҳижрда ўтириб, Қалиб қудуғига ташланган Қурайш мушрикларини эсладинглар. Сўнг сен агар қарзим ва аҳли аёлим бўлмаганда эди, албатта йўлга чиқиб, Муҳаммадни ўлдириб келган бўлардим, дединг. Буни эшитиб Сафвон ибн Умайя мени ўлдиришинг эвазига қарзингни тўлаши ва аҳли аёлингга қараб туришини ўз бўйнига олди. Оллоҳ эса сенинг бундай қилишингга асло йўл қўймайди», дедилар.

Буни эшитган Умайр: «Чин қалбимдан гувоҳлик бераманки, албатта сиз Оллоҳнинг элчиси экансиз. Дарҳақиқат, биз сиз олиб келган осмон хабарини ва сизга нозил бўлган ваҳийни ёлғонга чиқарган эдик. Мана бу ишдан эса фақат мен ва Сафвон хабардор эдик, холос. Мен энди биламан, сизга буни Оллоҳ маълум қилган. Мени ҳидоятлаган ва мени бу ерга олиб келган Оллоҳга ҳамдлар бўлсин», деди. Шундан сўнг ҳақ шаҳодат калимасини айтиб, иймон келтирди. Расулуллоҳ ﷺ:

«فَقِّهُوْا أَخَاكُمْ فِيْ دِيْنِهِ، وَعَلِّمُوْهُ الْقُرْآنَ، وَأَطْلِقُوْا أَسِيْرَهُ»

«Биродарингизни дини билан таништиринг, унга Қуръонни таҳлим беринг ва асирда ётган ўғлини қўйиб юборинг», дедилар. Саҳобалар пайғамбаримиз амрини адо этдилар. Шундан кейин Умайр: «Ё Расулуллоҳ, мен Оллоҳнинг нурини ўчиришга жон-жаҳдим билан уринган ва Оллоҳ динидаги кишиларга қаттиқ озорлар берган эдим. Мен энди истайманки, менга изн берсангиз, Маккага бориб уларни Оллоҳга, Расулига ва Исломга даъват қилсам, шояд Оллоҳ уларни ҳам ҳидоятласа. Акс ҳолда худди асҳобларингизга динлари борасида озор етказганимдек, уларга ҳам динлари борасида озор етказаман», деди. Расулуллоҳ ﷺ унга изн бердилар. Шундан сўнг Умайр Маккага жўнаб кетди. Умайр ибн Ваҳб йўлга чиққан пайтда Сафвон: «Ҳозир сизларга келадиган кутилмаган хабардан хурсанд бўлингларки, у сизларга Бадр жангини унуттиради», дер эди. Сафвон келаётган йўловчилардан Умайр ҳақида сўрар эди. Бир йўловчи келиб унинг Исломга кирганини хабар берган эди, Сафвон унга ҳечам гапирмасликка ва унга ҳеч қачон фойда етказмасликка қасам ичди.

  • Табароний шундай ривоят қилади: Умайр розияллоҳу анҳу Маккага келгач, Исломга даъват қила бошлади ва ўзига қарши чиққан кишиларга қаттиқ озор бера бошлади. Унинг қўлида кўп одамлар Исломга кирди. Оллоҳ уни ҳидоятлаган пайтида мусулмонлар бундан жуда хурсанд бўлдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Мен у билан танишган пайтимда менга ундан кўра тўнғиз яхшироқ эди. Бугун эса у менга баъзи фарзандларимдан ҳам севимлироқдир», деди.
  • Воқидий ривоят қилиб, шундай дейди: Умайр ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу Исломга киргандан кейин Маккага келгач, Сафвон ибн Умайяга учрашмасдан тўғри ўз аҳли оиласига келиб тушиб, ўзининг Исломга кирганини маълум қилди ва унга даъват қилди. Бу хабар Сафвонга етгач, у: «Аввал менинг олдимга кирмай тўғри уйига бориб тушганидан унинг диндан қайтганини билган эдим. Бас, унга ҳеч қачон гапирмайман, унга ҳам, оиласига ҳам ҳеч бир наф етказмайман», деди. Шундан кейин Сафвон ал-Ҳижрда ўтирган пайтда Умайр унинг олдига келиб, тўхтаб уни чақирди. У эса тескари қараб олди. Шунда Умайр унга: «Сен саййидларимиздан бирисан. Ахир биз ибодат қилган тошларнинг ва уларга атаб сўйган қурбонликларимизнинг нима эканлигини кўрмаяпсанми, шу ҳам динми? Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва Расули, деб чин қалбимдан гувоҳлик бераман», деди. Сафвон эса ҳеч бир жавоб бермади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button