Каспий денгизи кутилмаганда Евроосиёнинг қон томирига айланмоқда

Каспий денгизи кутилмаганда Евроосиёнинг қон томирига айланмоқда
Дунё ҳамжамиятининг диққат-эътибори Ҳурмуз бўғози, Яқин Шарқдаги урушлар ва Эрон атрофидаги зиддиятларга қаратилган бир пайтда, шимолда жойлашган Каспий денгизида анча муҳим жараёнлар юз бермоқда. Яқин-яқингача жаҳон сиёсатининг чекка бир ҳудуди саналган бу минтақа, кутилмаганда янги геосиёсатнинг асосий тугунларидан бирига айланиб бормоқда.
Бунинг сабаби оддий: глобал логистика тизими тангликка юз тутди.
Украинадаги уруш туфайли Қора денгиз хавфли ҳудудга айланди, Ҳурмуз бўғози эса амалда қуршовда қолди. Қизил денгиз ҳам ҳусийларнинг ҳужумлари туфайли беқарор ҳолатга тушиб қолди. Денгиз орқали юк ташиш нархлари кескин қимматлаб, суғурта харажатлари ортиб бормоқда, хавф-хатарлар эса ҳаддан зиёд юқори.
Айнан мана шундай вазият туфайли Каспий минтақасининг аҳамияти кескин ортиб бормоқда. Россия ва Эрон учун бу — деярли энг мақбул йўналишдир. АҚШ у ерга ўз флотини кирита олмайди, НАТОнинг бу ерда ўрни йўқ, юк ташишни назорат қилиш эса ўта мушкул. Бундан ташқари, Россия ва Эрон портлари ўртасида қатнайдиган кемалар кўпинча ўз транспондерларини ўчириб қўйишади ва назорат тизимлари қаршисида шунчаки йўқ бўлиб қолишади. Аслида, Каспий денгизи бора-бора жаҳон савдосининг «яширин йўлаги»га, аниқроғи, санкцияларни айланиб ўтиш, юкларни ташиш ва муқобил логистика қуриш мумкин бўлган маконга айланиб бормоқда. Москва ва Теҳрон бу режани анча олдин пишитиб қўйишган. Бир неча йил аввал улар ҳамкорликда «Шимол – Жануб» транспорт коридорини тарғиб қила бошлаган эди: унга кўра, Россия юклари Волга орқали Каспий денгизига, ундан кейин Эронга, сўнгра Ҳинд океани ва Осиё бозорларига йўл олади.
Эндиликда бу лойиҳа кутилмаганда стратегик аҳамият касб эта бошлади. Россия ўз савдо айланмасининг бир қисмини Қора денгиздан Каспий денгизига кўчирмоқда. Эрон эса Каспий денгизи портлари орқали АҚШнинг босимини четлаб ўтиб, озиқ-овқат, техника ва зарур товарларни қабул қилмоқда. Бу Хитой учун ҳам манфаатли. Чунки мабодо Осиёда катта инқироз бошлангудек бўлса, у учун қўшимча хавфсиз йўналиш мавжуд бўлади. Бироқ Ғарбни энг кўп ташвишга солаётган нарса — ғалла ёки савдо масаласи эмас. Каспий денгизи Россия ва Эроннинг ҳамкорлиги учун хавфсиз каналга айланиб айланмоқда. 2022 йилдан сўнг Москва ва Теҳрон ўртасида ҳарбий соҳада кескин яқинлашув юз берди. Россия дронларни оммавий равишда ишлаб чиқариш ва қўллаш тажрибасига эга бўлди, Эрон учун эса Россиянинг юқори технологияларига ва ҳарбий инновацияларга кенг йўл очилди.
Шунинг учун Ғарбнинг босими қанчалик кучайса, улар шунчалик кўп АҚШ назоратидан холи бўлган бошқа бир тизимни яратиш йўлига ўтмоқда. Вашингтон учун бу — жиддий муаммо ҳисобланади. Американинг қудрати ўн йиллар давомида жаҳон денгиз йўлларини назорат қилишга асосланиб келди. Аммо Каспий денгизи — АҚШ кира олмайдиган ёпиқ денгиздир. Айнан шу сабабдан америкалик таҳлилчилар Каспий денгизини борган сари «ёпиқ зона» деб аташмоқда.
Бироқ АҚШ ҳам бунга жавобан ўз ҳаракатларини бошлади. Россия ва Эрон «Шимол – Жануб» йўналишини қураётган бўлса, АҚШ ва Туркия Жанубий Кавказ орқали ўтувчи бошқа бир «Шарқ – Ғарб» йўналиши устида иш олиб бормоқда. Озарбайжон ва Нахичеванни Арманистон орқали боғлайдиган транспорт коридорига – TRIPP лойиҳасига бўлган қизиқишнинг ортиши ҳам айнан шу масалага боғлиқ.
Ушбу инфратузилма лойиҳаси бутун Евросиёнинг келажакдаги савдо йўлларини назорат қилишга қаратилган курашнинг бир қисмидир. Ғарб Марказий Осиё ва Хитойни Каспий денгизи, Кавказ ва Туркия орқали Европа билан туташтирувчи йўналишни вужудга келтиришни хоҳламоқда. Бу йўл Россияни ва қисман Эронни айланиб ўтиши керак бўлади.
Шу сабабли Арманистоннинг роли кутилмаганда кескин ошиб кетди. Яқингача Ереван Москвага деярли тўлиқ қарам ҳисобланган бўлса, энди эса темир йўлларни тиклаш, янги коридорлар очиш ва Туркия ҳамда Ғарб билан алоқаларни мустаҳкамлаш орқали Арманистонни минтақавий йўналишларнинг янги тизимига қўшишга ҳаракат қилишмоқда. Бу ерда энг катта фойдани Анқара кўрмоқда. Туркия Европа ва Осиё ўртасидаги асосий кўприкка айланишни эскидан кўзлаб келаётган эди. Ҳозирги инқироз унга айнан мана шу имкониятни бермоқда. Бунинг атижасида икки йирик лойиҳа ўртасида кураш авж олмоқда.
Биринчиси — Россия-Эрон йўналишидаги, Каспий денгизи орқали ўтувчи, қисман ёпиқ ва «яширин» лойиҳа бўлса, иккинчиси — Кавказ орқали ўтувчи ва Европа билан Осиё ўртасидаги расмий савдога йўналтирилган турк-ғарб лойиҳасидир. Шу тариқа, Жанубий Кавказ ва Каспий денгизи борган сари глобал рақобатнинг бош ўчоқларидан бирига айланмоқда. Чунки ҳозирги кураш нафақат ҳудудлар устида, балки қатнов йўллари, портлар, темир йўллар ва логистика устида ҳам бормоқда.
Бу ерда оддий мантиқ шуки: ким етказиб бериш йўлларини назорат қилса, ўша улкан сиёсий ва иқтисодий таъсирга эга бўлади. Айнан шу сабабдан, яқингача унутилган, ички денгиз деб ҳисобланган Каспий денгизи кутилмаганда глобал «Катта ўйин»нинг энг муҳим нуқталаридан бирига айланди.
Ҳужжат Жамиа




