Фиръавн зулмининг такрорланиши ва Умматнинг ўзгартириш масъулияти

Фиръавн зулмининг такрорланиши ва Умматнинг ўзгартириш масъулияти
Абдул Салом ал-Бадрий
Фиръавн қиссаси шунчаки денгиз тубига ғарқ бўлган бир золимнинг ҳалокати билан ниҳоя топган оддий тарихий воқеа эмас. Аксинча, Аллоҳ Таоло бу воқеани ҳақиқат заифлашган, одамлар зулм қаршисида сукут сақлаган ва Уммат золимлару мутакаббирларга бўйин эгишга рози бўлган пайтларда инсоният ҳаётида қайта-қайта такрорланиб турадиган илоҳий бир ибрат қилиб қўйди. Қуръони Карим воқеаларни шунчаки кўнгилочар эрмак учун баён қилмайди. Аксинча, у ҳақ ва ботил ўртасидаги кураш қонуниятларини очиб беради; бу билан зулм қандай илдиз отишини ҳамда Умматлар ҳақ ва адолат мезонини йўқотган чоғда қандай ҳалокатга юз тутишини кўрсатиб беради.
Фиръавн шунчаки ўзини худо деб эълон қилган мутакаббир кимса эмас эди. У одамларнинг онгини жиловлаш, ҳақиқатни бузиб кўрсатиш ҳамда халқни қўрқитиш ва зўравонлик билан бўйин эгдиришга асосланган сиёсий ва фикрий тузумнинг тимсоли эди. Шу боис у ўз қавмига қарата шундай деган эди:
مَا أُرِيكُمْ إِلَّا مَا أَرَىٰ وَمَا أَهْدِيكُمْ إِلَّا سَبِيلَ الرَّشَادِ
«Мен сизларга фақат ўзим раъй қилаётган нарсани кўрсатурман ва мен сизларни фақат тўғри йўлга етакларма». (Ғофир сураси, 29-оят).
Ҳар бир золим айни шундай йўл тутади. У ўзини ҳақиқатнинг ягона соҳибидек тутади. Ўз қарашларини қонунга айлантиради, ўзини эса ислоҳ қилувчи ва халқнинг нажоткори қилиб кўрсатади. Бироқ ҳақиқатда у ўз ҳокимиятини зулмга, одамларни қул қилишга ва халқларнинг бойликларини талон-торож қилишга асосига қуради.
Фиръавннинг назарида Мусо алайҳиссаломнинг «гуноҳи» ер юзида бузғунчилик қилгани эмас эди. Аксинча, у халқни ғафлатдан уйғотиш, ботил тузумнинг сохта қонунийлигини парчалаш ва қуллик занжирларини узиб, бандаликни ёлғиз Аллоҳгагина йўналтириш учун келган эди. Шу сабабли Фиръавн ўз аъёнларига шундай деди:
إِنِّي أَخَافُ أَن يُبَدِّلَ دِينَكُمْ أَوْ أَن يُظْهِرَ فِي الْأَرْضِ الْفَسَادَ
«Дарҳақиқат мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишдан ёки ер юзида бузғунчилик авж олдиришдан қўрқмоқдаман». (Ғофир сураси, 26-оят).
Тарих давомида золимлар доимо жамиятни ислоҳ қилишга чақирган зотларни фитна ва тартибсизликка чиқарувчилар деб айблаб келишган. Чунки улар қурол-яроғдан ҳам кўра кўпроқ Умматнинг онгидан қўрқишади.
Энг хавфли тубанлашув босқичи — бу жамиятда шунчаки бир золимнинг мавжудлиги эмас, балки ундаги фиръавнча табиатнинг одатий ҳолга айланиб қолишидир, яъни, халқнинг зулмга кўникиб қолишидир. Чунки бунинг натижасида инсонлар қулликни барқарорлик, ботилни реал сиёсат, бўйин эгишни эса донолик ва оқиллик деб ҳисоблай бошлашади. Мезонлар шу даражада бузилган маҳалда оммавий ахборот воситалари золимнинг жарчисига айланиб қолади, уни оқловчилар ва мадҳ этувчилар кўпаяди. Бузғунчиликни фош қилган ва сохта шиорларнинг пардасини йиртган ҳақиқат аҳли эса таъқиб қилиниб, қувғинга учрайди. Шу боис Қуръони Карим ҳаётдаги турмуш тарзининг бузилишини одамлар Аллоҳнинг шариатидан юз ўгириши билан изоҳлаган. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:
وَمَنْ أَعْرَضَ عَن ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكًا
«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур». (Тоҳа сураси, 124-оят).
«Танг ҳаёт» — бу фақат моддий маблағнинг танқислиги эмас. Бу — ҳаёт инсонларнинг хоҳиш-истаклари ва бандалар чиқарган қонунлар билан бошқарилганда, бутун инсоният бошига тушадиган умумий бахтсизлик ҳолатидир. Бундай пайтда моддий тараққиёт жуда юқори бўлса-да, иқтисодий инқирозлар, руҳий тушкунликлар, оилаларнинг парчаланиши, сиёсий зулм, урушлар кенг қулоч ёяди ва қалбларда хотиржамлик бўлмайди.
Ҳолбуки, Аллоҳ Таоло инсоннинг адолат соясида яшашини ирода қилган. Шу сабабли У Зот нозил қилган ҳукмлар билан бошқаришни ер юзининг обод бўлиши ва ҳаётнинг гўзал бўлишига асос қилди. Аллоҳ Таоло шундай деган:
يَا دَاوُودُ إِنَّا جَعَلْنَاكَ خَلِيفَةً فِي الْأَرْضِ فَاحْكُم بَيْنَ النَّاسِ بِالْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعِ الْهَوَىٰ
«Эй Довуд, дарҳақиқат Биз сени ерда халифа қилдик. Бас сен одамлар орасида ҳақ ила ҳукм қилгин. Уларнинг хоҳишига эргашиб кетмагин!». (Сод сураси, 26-оят).
Исломдаги халифалик тушунчаси зўравонлик ёки ҳукмронлик қилиш эмас. Аксинча, у адолатни қарор топтириш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва башариятга эзгулик рисолатини етказиш масъулиятидир. Аллоҳнинг шариатини четга суриб, бошқарувни инсонларнинг нафси ва манфаатларига топширган ҳар қандай тузум — гарчи эркинлик, тараққиёт ёки демократия шиорлари билан безатилган бўлса-да — у фақат бузғунчилик эшикларини очади. Мана шундан келиб чиқиб, Ислом рисолати шунчаки шахсий панд-насиҳатлар билангина чекланиб қолмаганлигини, балки у ҳар томонлама ҳазорий ўзгартириш рисолати эканлигини англаймиз. Чунки Пайғамбаримиз ﷺ одамларни фақат руҳий жиҳатдан тарбиялаш билан чекланмадилар, балки у зот ﷺ Ислом аҳкомларини ҳаётга татбиқ этадиган ва унинг даъватини бутун дунёга ёядиган жамият ва давлатга асос солдилар. Натижада тарқоқ ва заиф қабилалардан иборат бўлган Уммат қисқа фурсатда дунёга адолат, илм ва раҳмат нурини сочган етакчи Умматга айланди.
Саҳобаи киромлар ҳам бу улуғ маънони теран англаб етишган эдилар. Улар Исломни инсонни инсонга қуллик қилишдан халос этувчи куч деб билишган. Шу боисдан ҳам Рабий ибн Омир Форс қўшини қўмондони Рустамнинг қаршисида туриб, ушбу тарихий сўзларни айтган эди:
ابتعثنا الله لنخرج العباد من عبادة العباد إلى عبادة رب العباد، ومن جور الأديان إلى عدل الإسلام، ومن ضيق الدنيا إلى سعة الدنيا والآخرة
«Аллоҳ бизни бандаларни бандаларга қуллик қилишдан бандаларнинг Роббисига қуллик қилишга, ботил динларнинг зулмидан Ислом адолатига, дунё торлигидан дунё ва охиратнинг кенглигига чиқариш учун юборди».
Бу эса инсонни фикрий, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан озод қилувчи соф ақидадир. Яъни инсонни ёлғиз Аллоҳгагина қул қилиб, золим тузумларга ёки мутакаббир кучларга қарам бўлишдан қутқаради.
Бугунги кунда Умматнинг парчаланиши, заифлиги, хорижий кучларнинг таъсирига тушиб қолиши ҳамда сиёсий-иқтисодий инқирозларга учраши — Ислом ҳукмининг ҳаётимиздан узоқлашгани сабабли юзага келмоқда. Зоро, Аллоҳнинг шариати билан бошқариш ҳаётдан узоқлашгач, унинг ўрнини четдан кириб келган сохта тузумлар эгаллади. Бу тузумлар Умматни ўзгаларга қарам қилиб, бойликларини талон-торож қилишга, бирлигини парчалашга ва мустақил қарорларини йирик давлатларнинг хоҳиш-иродасига боғлаб қўйишга олиб келди. Шундай экан, ҳақиқий уйғониш юзаки ислоҳотлар ёки сиёсий ямоқ солишлар билан эмас, балки Умматнинг ўз улуғлик асосига, яъни Исломга — уни ҳаётнинг ҳар жабҳасини қамраб олувчи мукаммал тузум сифатида қабул қилган ҳолда – қайтиши билангина амалга ошади.
Уммат ўз динига бўлган ишончини қайта жонлантирадиган мафкуравий онгга, шунингдек мустамлакачилар Исломий ўлкаларга мажбуран тиқиштираётган лойиҳаларнинг сохталигини фош этадиган теран фикрлашга муҳтож. Бундан ташқари, одамларга Исломни шунчаки ҳаётдан узилган шахсий ибодатлар мажмуаси сифатида эмас, балки уйғониш, бошқарув ва адолат лойиҳаси сифатида тақдим этадиган холис сиёсий ҳаракат зарур. Чунки бугунги кураш фақат чегаралар кураши эмас, балки ғоялар, тушунчалар ва тузумлар курашидир. Кимки тўғри фикр ва аниқ ҳазорий лойиҳага эга бўлса, келажакни қуриш имконияти ҳам айнан ўшанинг қўлида бўлади.
Ушбу шиддатли кураш кетаётган бир шароитда мўмин киши лоқайд ёки шунчаки четдан томошабин бўлиб туриши асло жоиз эмас. Аксинча, мўмин киши ўз Умматининг дарди билан яшайдиган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган ҳамда ҳақ ва адолат мезонини ҳаётга қайтариш йўлида холис инсонлар билан елкадош бўлиб ҳаракат қиладиган шахс бўлиши лозим. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:
وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
«Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир». (Оли Имрон сураси, 104-оят).
Шундай экан, Ислом Уммати бугунги бузуқ воқеликка рози бўлмаслили ёки воқеликни шунчаки таҳлил қилиш ёхуд мусулмонларнинг ҳолига қайғуриш билангина кифояланиб қолмаслиги лозим. Аксинча, ҳақиқатни қарор топтириш ва Аллоҳнинг шариатини ер юзида ҳукмрон қилиш йўлида холис хизмат қилаётганлар билан бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилиш вожибдир. Ана шундагина Мусулмонлар Аллоҳ ирода қилгандек, бутун инсониятга гувоҳ бўлувчи пешқадам Умматга айланади ва Ислом қайтадан бутун инсоният учун раҳмат, адолат ва тўғри йўл кўрсатувчи маёқ ҳолига қайтади. Зеро, фақат шу йўл билангина фиръавнча зулм қулайди, инсоннинг қадр-қиммати тикланади, осмон ва ернинг барака эшиклари очилади ҳамда мусулмонлар Аллоҳ нозил қилган ҳукмларни тарк этган кундан бошлаб йўқотган улуғ мавқеларини қайтадан қўлга киритадилар.




