Қирғизистондаги қурилиш соҳасида назорат ва қайта тақсимлаш тизими янгиланмоқда

Қирғизистондаги қурилиш соҳасида назорат ва қайта тақсимлаш тизими янгиланмоқда
Қирғизистонда қурилиш соҳасида тартиб ўрнатиш ва ҳиссадорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ниқоби остида, ушбу тармоқда кучайиб бораётган қайта тақсимлаш жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар ташаббуси илгари сурилмоқда. Шу муносабат билан депутат Дастанбек Жумабеков «Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектлари қурилишида ҳиссали иштирок этиш тўғрисида»ги «Қирғизистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуришда ҳиссали иштирок этиш масалалари бўйича ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари ташаббуси билан чиқди.
Таклиф этилаётган нормалар рўйхатига назар ташланса, амалда қурилиш соҳасини давлатга, хусусан, Давлат ипотека компаниясига яқин бўлган тузилмалар фойдасига босқичма-босқич қайта тақсимлаш учун ҳуқуқий пойдевор қўйилаётганини кўриш мумкин. Бу ерда масаланинг хавотирли жиҳати шундаки, гап фақат битта норма ҳақида эмас, балки қурилиш жараёни, молиявий маблағлар, рухсатномалар ва муаммоли объектлар устидан назоратни тўлиқ давлат ҳамда унга алоқадор идоралар қўлида тўплашга қаратилган яхлит механизм ҳақида бормоқда. Қонун лойиҳаси «алданган ҳиссадорлар»ни ҳимоя қилиш билан курашиш шиори остида тақдим этилмоқда. Бироқ таклиф қилинган чоралар синчиклаб ўрганилганда, деярли ҳар бир банд фуқароларни ҳимоя қилишнигина эмас, балки рухсат олишдан тортиб, муаммоли объектни тортиб олишгача бўлган барча босқичларда давлатнинг маъмурий босимини кучайтиришни кўзда тутилаётгани аён бўлади. Бундай амалиёт бир неча йиллардан бери мавжуд эди, аммо қонуний асосга эга эмас эди.
Мажбурий равишда эскроу-ҳисобварақлар жорий этилар экан, бу расман фуқаролар хавфсизлиги учун, деб тушунтирилмоқда. Лекин аслида бу қурувчи ўз пул оқимларини тўғридан-тўғри назорат қилиш имкониятидан маҳрум бўлишини англатади. Эндиликда ҳиссадорларнинг маблағлари банклар ва давлат мониторинг тузилмалари назоратига ўтади. Ҳар қандай кечикиш, низоли вазият, текширув ёки техник хулоса траншларни (пул ўтказмаларини) музлатиб қўйиш учун асос бўлиши мумкин. Ваҳоланки, қурилишда об-ҳаво таъсири, таъминотдаги узилишлар, валюта курсининг тебраниши, пандемия, ҳатто коммуникацияларни улашдаги қийинчиликлар ёки бюрократик тўсиқлар сабабли юзага келадиган кечикишлар — одатий ҳолдир. Энди эса ушбу вақтинчалик қийинчиликлар тадбиркорга босим ўтказиш қуролига айланиши ҳеч гап эмас. Бунда банк шунчаки пул сақловчи эмас, балки маблағларни тақсимлайдиган, маълум қисмини резервда тутиб қоладиган, солиқларни автоматик ўтказадиган ва амалда давлат билан бирга лойиҳани бошқарадиган иккинчи марказга айланади.
Бундан ташқари, маблағ жалб қилиш учун рухсат бериш тартиби ҳам жорий этилмоқда. Бу бозор моделининг тубдан ўзгаришини англатади. Ваколатли органнинг розилигисиз қурувчи маблағ жалб қила олмайди, объектни реклама қилолмайди ва шартномаларни рўйхатдан ўтказиб, уй сотишни бошлай олмайди. Бу билан давлат бозорда ким ишлай олишини ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Қирғизистон шароитида рухсатномалар олиш ва келишувлардан ўтиш жараёнлари энг коррупциялашган соҳалардан бири эканини инобатга олсак, танлаб рухсат бериш, мустақил тадбиркорларга босим ўтказиш ва «номақбул» компанияларни бозордан сиқиб чиқариш каби хавфлар албатта юзага келишини ҳеч ким инкор қила олмайди.
Шу билан бирга, объектни «муаммоли» деб топиш учун жуда кенг асослар киритилмоқда: иш режасидан ортда қолиш, сифат бўйича эътирозлар, ҳужжатлардаги қонунбузарликлар, траншларнинг блокланиши, огоҳлантиришларнинг бартараф этилмаслиги, молиявий қийинчиликлар, рухсатномаларнинг бекор қилиниши шулар жумласидан. Ушбу мезонлар шу қадар мавҳумки, уларни истаганча талқин қилиш мумкин. Қурилишдаги бир неча ойлик кечикиш ҳар доим ҳам фирибгарлик ёки инқироз белгиси бўлавермайди. У логистика, хомашё импорти, валюта курсининг беқарорлиги, судлашувлар, тармоқларга уланиш ёки фасллар алмашинувига боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо энди ҳар қандай кечикиш кучайтирилган назорат механизмини ишга тушириши эҳтимоли катта.
Дастлаб объектда «алоҳида назорат режими» ўрнатилади. Кейин эса режадан ташқари текширувлар, инқирозга қарши режа талаблари ва ҳафталик ҳисоботлар ва кучайтирилган мониторинг шартлари кучга киради. Шундан сўнг объект «муаммоли» деб топилиб, тегишли чоралар кўрилиши мумкин.
Айнан мана шу нуқтада қонун лойиҳаси ҳиссадорларни ҳимоя қилишга эмас, балки қурилиш активларини назорат қилиш орқали уларни қайта тақсимлаш тизими тусига кира бошлайди.
Агар бирор объект «муаммоли» деб топилса, у суд орқали «санатор»га ўтказиб берилиши мумкин. Бундай санаторлардан бири сифатида Давлат ипотека компанияси очиқдан-очиқ тилга олинмоқда. Объект билан бирга ер майдони, тугалланмаган қурилиш, эскроу-ҳисоблардаги маблағлар қолдиғи, кафолат захиралари, лойиҳани бошқариш ҳуқуқи ва амалда қурилиш устидан бўлган барча иқтисодий назорат «санатор»га ўтказиб берилиши мумкин. Муаммо туғилган тақдирда, хусусий қурилиш лойиҳаси ваколатлари деярли ҳар ой кенгайиб бораётган давлат тузилмасининг ихтиёрига кетиши эҳтимолдан холи эмас.
Айнан шу сабабли, «алданган ҳиссадорларни ҳимоя қилиш» шиори остида нафақат фуқароларни ҳимоя қилиш тизими, балки қурилиш бозорини бошқаришнинг янги модели пайдо қилинмоқда. Бунда асосий куч маркази сифатида Давлат ипотека компанияси гавдаланмоқда. Ваҳоланки, Давлат ипотека компанияси аллақачон шунчаки ипотека оператори бўлмай қолган. У борган сари давлатнинг уй-жой сиёсатидаги молиявий-қурилиш марказига, улкан маъмурий ва молиявий ресурсларга эга бўлган «давлат девелопери»га айланиб бормоқда. Эндиликда унга санатор сифатида муаммоли хусусий қурилишларга кириш, объектлар, ерлар ва пул оқимларини жиловлаш имкони берилмоқда.
Йирик тузилмалар, айниқса давлатга яқин бўлганлари, бундай талабларга анча осон мослашадилар. Аммо ўрта ва мустақил қурилиш компанияларининг вазияти доим ҳам бундай эмас. Бу эса, шубҳасиз, рақобатнинг камайишига ва бозорнинг маъмурий ресурсга эга йирик ўйинчилар атрофида жамланишига олиб келади.
Натижада шундай модел қурилмоқдаки, унда рухсат бериш, пулни назорат қилиш, объектнинг муаммоли эканини белгилаш, траншларни блоклаш, санация жараёнини ишга тушириш давлатнинг қўлида ёки объектни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган давлатга қарашли тузилманинг қўлида бўлади. Буларнинг барчаси фуқароларни ҳимоя қилиш ва тартиб ўрнатиш ниқоби остида амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида суиистеъмоллардан ҳимоя қилувчи реал механизмлар деярли йўқ: санаторларни танлашнинг мустақил тизими мавжуд эмас, очиқ танлов йўқ, давлатнинг аралашуви учун қатъий чекловлар белгиланмаган, лойиҳаларни асоссиз блоклагани учун амалдорларнинг тўлиқ жавобгарлиги йўқ, техник назоратнинг мустақиллигига кафолатланмаган. Ваколатлар шу даражада ҳаддан зиёд кенг бўлган шароитда, айнан мана шу тийиб турувчи чекловларнинг йўқлиги хавф-хатарнинг асосий манбаига айланади.
Натижада, жуда очиқ манзара шаклланмоқда: ислоҳот ва ҳиссадорларни ҳимоя қилиш баҳонасида қурилиш бозорини давлат ва сиёсий раҳбарият назоратидаги тузилмалар, биринчи навбатда, ваколатлари ва таъсири тинимсиз кенгайиб бораётган Давлат ипотека компанияси атрофида жамлашга имкон берувчи тизим яратилмоқда. Шариат нуқтаи назаридан қараганда, бу ердаги ҳиссадорларни ҳимоя қилиш ҳеч қандай муаммога сабаб бўлаётгани йўқ (албатта, бу муҳим). Бу ерда асосий муаммо мусулмонлар ва фуқароларнинг маблағларини, қурилиш бозорини ва мулк назоратини давлатга алоқадор чекланган доиралар қўлида ҳаддан ташқари тўплаб қўйиш хавфининг юзага келишидир. Агар бир тизим бир вақтнинг ўзида бозорга киришга рухсат бериш, молиялаштиришни назорат қилиш, лойиҳаларни муаммоли деб топиш ва кейин уларни санация баҳонасида тортиб олиш ҳуқуқига эга бўлса, мулкни адолатсиз қайта тақсимлаш ва иқтисодиётни монополлаштириш хавфи юзага келади.
Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
…كَيْ لَا يَكُونَ دُولَةً بَيْنَ الْأَغْنِيَاءِ مِنكُمْ…
«…токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин учун…» (Ҳашр сураси, 7-оят)
Бу адолатли қоида бўлиб, Исломда жамиятга фойдали ислоҳотлар ниқоби остида бойлик ва иқтисодий таъсир кучининг ҳокимиятга яқин бўлган тор доиралар қўлида тўпланишига шароит яратадиган тизимларга қарши огоҳлантириш сифатида кўрилади. Шу боис, қирғиз жамияти фуқароларнинг манфаатини ҳимоя қилиш ҳақидаги сохта баҳоналарни ниқоб қилиб монополия орқали нафақат бизнесни, балки халқнинг уйли бўлиш умидини ҳам сўндираётган коррупцион тизим ва унинг оқибатларини англаб етиши зарур.
Абду Шүкүр




