Хабар ва изоҳ

Қирғизистон ва Россия ИИВ ваколатхоналари ўртасида янги келишув тузилди

Қирғизистон ва Россия ИИВ ваколатхоналари ўртасида янги келишув тузилди

Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон билан ички ишлар ва миграция соҳасидаги ваколатхоналарнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги келишувни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Келишувга мувофиқ, Бишкекдаги Россия ИИВ ваколатхонасининг вазифалари янгиланади ва кенгайтирилади. Шунингдек, Москвадаги Қирғизистон Давлат миграция хизматининг ваколатхонаси Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлигининг ваколатхонаси сифатида қайта тузилади. Бундан ташқари, Москва шаҳрида Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг ваколатхонаси очилади.

Изоҳ:

Россия ИИВ ваколатхонаси Бишкекда илгари ҳам фаолият юритиб келган. Янги келишув ваколатхонанинг ҳуқуқий мақомини аниқлаштириб, унинг функцияларини кенгайтиради ва ходимлари сонини кўпайтиради.

Расмий изоҳларга кўра, келишувнинг асосий мақсади икки давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан иборат. Бунда хусусан, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар савдоси, инсон савдоси, терроризм ва кибержиноятчиликка қарши курашда маълумот алмашиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни яхшилаш кўзда тутилган.

Бироқ бу келишув бир қатор хавотирларни ҳам келтириб чиқаради. Биринчидан, Қирғизистонда чет давлатга оид ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ваколатхонасининг имкониятлари кенгаяётгани – мамлакат суверенитетининг қайси давлат таъсири остида эканини кўрсатади. Шу боис, ваколатхонага мустақил тергов ўтказиш ёки шахсларни ҳибсга олиш ҳуқуқи берилмагани расман таъкидланса-да, бу борадаги ҳамкорликка Россия куч ишлатар тузилмалари кураторлик қилиши шубҳасиздир.

Иккинчидан, ваколатхона ходимларига дипломатик имтиёзлар ва дахлсизлик берилмоқда. Бу каби ҳаракатлар халқаро шартномаларда кенг қўлланилса-да, ваколатхона ходимлари билан боғлиқ бирор можароли вазият юзага келса, улар ҳар қандай жавобгарликдан қутилиб кетишига йўл очади. Ҳатто улар давлатга қарши хатти-ҳаракатлар содир этган тақдирда ҳам, ҳеч қандай жавобгарликка тортилмасдан ҳимоя қилиниши кафолатланади.

Учинчидан, маълумот алмашиш масаласи ҳам хавфли ҳисобланади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳамкорлиги кучайгани сайин оддий фуқаролар ва меҳнат муҳожирлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш ҳам кўпаяди. Бу эса фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳимоя қилинишига путур етказади. Шу билан бирга, икки давлат фуқаролари ҳақида маълумот тўплаш ҳамда шу маълумотларга таяниб – амалдаги тузумга «маъқул келмаган» шахсларни «терроризм» ёки «экстремизм»да айблаб ҳибсга олиш учун имкон туғилади.

Шунингдек, хабарда Москвада Қирғизистоннинг Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг ваколатхонаси очилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Бу Қирғизистонни тенгҳуқуқли қилиб кўрсатгандек ва икки давлатнинг ўзаро тенг ҳаракатини акс эттиргандек туюлса-да, аслида Россиянинг мамлакатдаги таъсирини яшириб турувчи пардадан бошқа нарса эмас. Чунки қанчадан қанча ватандошларимиз Россияда турли қонунбузарликларга дуч келади. Айримлари топган пулини ололмасдан сарсон бўлса, баъзилари давлат хизматчиларининг қўпол муомаласига ва ваколатини суиистеъмол қилган муносабатига дуч келади, айримлари эса жисмоний ёки руҳий зўравонликка учрайди. Бироқ бизнинг ваколатхоналар етарлича ёрдам бера олмайди. Негаки, рус амалдорлари бизнинг ваколатхона ходимларини ҳеч қачон ўзлари билан тенг кўрмайди. Ҳатто элчиларимиз ҳам уларнинг оғзига қараб туришади. Шу боис, бизнинг ваколатхоналар ўз вазифаларини тўлақонли бажариши даргумон. Аксинча, улар Россия манфаатларига хизмат қилишга мажбур этилади.

Шу сабабли бу ҳамкорликни икки мамлакатнинг тенгҳуқуқли саъй-ҳаракати деб бўлмайди. Бу фақатгина Россиянинг манфаатларига хизмат қилувчи навбатдаги ташаббусдан бошқа нарса эмас.

Ҳарун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button