Муваффақият маданияти ва ҳаёт мазмунини тўғри англаш

Муваффақият маданияти ва ҳаёт мазмунини тўғри англаш
Манфаатга асосланган капиталистик истеъмол маданияти инсоннинг дунёқарашини тобора торайтириб, соддалаштирилган қадриятлар тизимини тиқиштириш орқали жамиятда чуқур ва ечими мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди. Бугунги кунда шаклланиб қолган муваффақият тушунчасига назар ташлайдиган бўлсак, инсон ҳаётидаги шахсий ютуқлар, юқори даромад, жамиятдаги обрў, шон-шуҳрат ва омма томонидан эътироф этилиш каби жиҳатлар асосий мақсад ва ҳаёт мазмуни сифатида баҳоланадиган бўлиб қолди. Шу сабабли мазкур талабларга жавоб бера олмаслик кўпчилик томонидан шахсий ҳаётдаги улкан мағлубият, ҳатто ҳаётнинг инқирози сифатида қабул қилинмоқда.
Шу билан бирга, моддий фаравонлик, таълим олиш имкониятлари ва ўзини ривожлантириш шарт-шароитлари тарихда мисли кўрилмаган даражада кенгайганига қарамай, одамлар ўртасида ички бўшлиқ, хавотир, ҳаётдаги ўз йўлини йўқотиш ва умрининг мазмунини топа олмай қийналиш ҳисси кучайиб бормоқда. Буни ўрта ёш инқирозининг тобора ёшариб бораётгани ҳам тасдиқлайди. Агар илгари бундай ҳолат кўпроқ қирқ-эллик ёшларда кузатилган бўлса, бугунги кунга келиб у ўттиз ёшга ҳам етмаган кўпчилик учун реал муаммога айланди.
Капиталистик муваффақият маданияти инсон ҳаётини бойликка, юқори ижтимоий мақомга, жамоатчиликнинг эътирофига ва фаровон турмушнинг ташқи белгиларига эришишга қаратилган чексиз пойгага айлантириб юборди. Бугунги жамиятда инсоннинг қадри унинг ахлоқи, жамиятга қўшган ҳиссаси ёки ички камолоти билан эмас, балки даромадининг миқдори, эгаллаб турган лавозими, машҳурлиги ва жамиятдаги обрўси билан ўлчанмоқда. Бундай шароитда инсон ўзини бошқалар билан тинимсиз солиштиришга мажбур бўлади ва эришган ҳар бир муваффақияти кўп ўтмай янги талаблар ҳамда кундан-кунга ўсиб бораётган янги ҳолатлар қаршисида ўз қадрини йўқотиб бораверади.
Ўз ҳаётининг энг олий мақсадини англай олмаган киши ҳаётнинг мазмунини ҳақиқий мазмун бўла олмайдиган нарсалардан қидира бошлайди. Натижада моддий ютуқ ҳаётнинг туп мақсадига айланиб, маблағ мақсаднинг ўрнини эгаллайди, муваффақият эса ўзига хос сиғиниш ритуалига айланиб қолади. Бироқ инсон кўзлаган нарсасига етса ҳам, ички бўшлиқ ҳисси йўқолмаслигини тушуниб етади. Бунинг оқибатида ҳаётдан кўнгил қолиши, ёлғизлик инқирози, оилавий муносабатларнинг совиши, ҳаётдаги йўналишни йўқотиш ва ўзини кераксиз ҳис этиш каби ҳолатлар юзага келади.
Шу тариқа, капитализмнинг матбуот маданияти шакллантирган замонавий инсоннинг инқирози фақат руҳий муаммолар билангина чекланиб қолмай, балки дунёқарашдаги инқирозни ҳам ўз ичига олади. Бошқача айтганда, бу — инсоннинг ҳаёт мазмунини йўқотиши, нима учун яратилганини тушунмай қолиши ва абадий руҳий мақсадларни вақтинчалик моддий манфаатларга алмаштириши билан тавсифланадиган инқироздир.
Бундай шароитда инсонга ахлоқий нормаларни таклиф қилиш билангина чекланиб қолиш кифоя қилмайди. Инсон нима учун яшайди? Унинг бу ҳаётдаги асосий вазифаси нима? Унинг ҳаётида моддий бойлик ва шахсий муваффақиятнинг ҳақиқий ўрни нимадан иборат? Шу каби фундаментал саволларга изчил ва яхлит жавоб бера оладиган, фақат ахлоқий меъёрлар билан чекланиб қолмайдиган диний дунёқарашга эга бўлган тузилмага мурожаат қилиш ўта муҳим аҳамият касб этади.
Исломнинг қараши
Исломга кўра, инсон бу дунёга тасодифан келмаган ва яшашдан кўзланган мақсад нафснинг хоҳишларини қондириш билангина чекланмайди. Инсоннинг табиатида улуғ бир мақсад бор. У ҳам бўлса — Яратганнинг розилигига умид боғлаган ҳолда Унга ибодат қилишдир.
Айни пайтда, Исломда ибодат тушунчаси фақат диний маросимларни бажариш билангина чекланмайди. Инсоннинг ҳар бир ҳалол иши — меҳнат қилиш, фарзанд тарбиялаш, илм билан машғул бўлиш, тадбиркорлик қилиш, давлат хизматини ўташ ёки одамларга ғамхўрлик қилиш, агар бу ишлар Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ва шариат ҳукмларига мувофиқ бажарилса, ибодат ҳисобланади.
Шу боисдан ҳам ҳозирги даврдаги ҳаёт мазмуни ҳақидаги энг асосий саволга Ислом бутунлай бошқача жавоб беради.
Агар капиталистик мафкура: «Энг аввало муваффақиятга эриш, шунда ҳаётинг мазмунли бўлади», — деб ўргатса, Ислом эса: «Аввало ҳаётингнинг ҳақиқий мазмунини англа. Шунда муваффақият, агар Аллоҳ насиб этса, ҳаётингнинг туп мақсади эмас, балки сенга юклатилган вазифани адо этишинг учун бир восита бўлади, холос», — деб ўргатади.
Мана шу ерда икки хил дунёқараш ўртасидаги туб фарқ яққол намоён бўлади.
Инсоннинг вазифаси
Замонавий маданият инсонни ўзи учун қулайлик, моддий бойлик ва жамиятдаги мавқеини тинимсиз оширишга интилувчи автоном истеъмолчи сифатида шакллантирмоқда. Бу дунёқарашнинг ўзагида инсоннинг шахсий манфаати ва худбин «мен бўлай» тушунчаси ётади.
Аммо Ислом мабдаси эътиборни инсоннинг ўз нафсига эмас, балки Яратганнинг олдидаги масъулиятига қаратади.
Исломга кўра, инсон ер юзида Аллоҳнинг ҳукмларини амалга оширувчи ўринбосардир. Унга ерни обод қилиш, жамиятни ривожлантириш, адолатни қарор топтириш, оилани мустаҳкамлаш, инсониятнинг ахлоқий негизларини сақлаш ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш вазифаси юклатилган. Шунинг учун унинг ҳаётдаги вазифаси фақат шахсий фаравонликка эришиш билангина чекланиб қолмайди. У ўз руҳий ҳолати, шахсий камолоти, оиласи, жамияти ва ўзига омонат қилиб берилган барча имкониятлар учун жавобгардир.
Шу сабабли Исломда инсоннинг камолоти ўз ҳолича бир мақсад сифатида кўрилмайди. У инсон учун унга юклатилган омонат ва бурчларни муносиб тарзда адо этишга ёрдам берадиган бир восита ҳисобланади.
Мақсадлар ва моддий фаравонлик
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳаёт мақсадларига бўлган муносабат ҳам тубдан ўзгаради.
Муваффақиятга асосланган капиталистик мабдада пул инсон қадрининг асосий кўрсаткичига айланиб, бойлик жамиятдаги обрў ва қадр-қимматнинг бош ўлчови сифатида қабул қилинади.
Ислом эса моддий фаравонликни, муваффақиятли карьерани, тадбиркорликни ёки юқори ижтимоий мавқени инкор этмайди. Аксинча, агар ҳалол йўл билан топилиб, яхшиликка хизмат қилса, улар Аллоҳнинг неъмати сифатида баҳоланади. Бироқ уларнинг ҳеч бири инсон ҳаётининг энг олий мақсади бўла олмайди. Улар — инсонга юклатилган вазифани бажаришга кўмаклашувчи воситалардир, холос.
Моддий бойлик ва барча имкониятлар ҳам Исломда инсон ўз хоҳишича эркин фойдаланиши учун берилган нарсалар ҳсобланмайди. Инсон уларнинг ҳар бири учун Яратганнинг ҳузурида жавоб беради. Шунинг учун пул, бойлик, турли имкониятлар, оила, жамиятдаги обрў, шахсий корхона ёки давлат ҳокимияти каби барча ютуқлар инсоннинг ҳаётдаги вазифасининг ўрнини эгалламаслиги керак. Аксинча, улар ўша вазифани адо этишга хизмат қилиши лозим.
Айнан шундай шароитда моддий имкониятлар тақводор инсонни тарбиялашнинг, адолатли жамиятни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг самарали воситасига айланади.
Агар бойлик ва имкониятлар кибрга, манманликка ва ўзини бошқалардан устун қўйишга хизмат қила бошласа, улар яхшилик эмас, балки руҳий синовга айлинади. Бундай ҳолат инсонни ахлоқий чегараларни инкор этиш, оқибатда эса руҳий ва маънавий бузулиш сари етаклайди.
Инқирозларнинг сабаблари
Айнан мана шу нуқтаи назардан қараганда, «ўрта ёш инқирози» деб аталадиган ҳодиса ижтимоий тармоқларнинг натижаси ёки жамоатчилик босимининг оқибати ҳисобланмайди. Аслида у сохта мақсадлар устига қурилган дунёқарашнинг табиий натижасидир.
Инсоннинг уйи, машинаси, юқори даромади ва жамиятда обрўси бўлиши мумкин. Бироқ шунга қарамай, у ички бўшлиқни ҳис қилаверади. Чунки моддий ютуқларнинг ҳеч бири инсонни қийнаётган энг асосий саволга, яъни «Мен бу дунёда нима учун яшаяпман?» деган саволга жавоб бера олмайди.
Инсон ўз ҳаётдаги вазифасини англаб етмаса, эришган ҳар бир муваффақияти тезда одатий ҳолатга айланиб қолади. Унинг ўрнини янги мақсадлар, янги талаблар ва ўзини доимо етарлича қадрлай олмаётганлик ҳиссига мажбур қиладиган янги ҳолатлар эгаллайди.
Исломнинг ечими
Ислом мабдаси ҳаёт йўналишларининг принципиал жиҳатдан бошқача тизимини таклиф қилади:
- Ҳаётнинг мазмуни — Яратувчини ягона Қонун чиқарувчи сифатида таниш ва ҳаётнинг барча жабҳаларида Унинг буйруқлари ҳамда қонунларига итоат этиш орқали Улуғ Зотга онгли равишда ибодат қилишдир.
- Инсоннинг вазифаси — Ягона Аллоҳга имон келтириш, шу ақида асосида Яратганнинг қонунларига мувофиқ тарзда ўз нафсини, оиласини, жамиятни ва давлатни ривожлантириш орқали ер юзидаги масъулиятли ҳамда тақводор ўринбосар бўлишдир.
- Шахсий мақсадлар — бу инсоннинг ўз нафсига хизмат қилиши эмас, балки бу асосий вазифани бажаришнинг қуроллари ҳисобланади (ибодат амаллари, исломий оила, бизнес, жамият ва давлат…).
- Муваффақият — тўпланган мол-мулк миқдори ва ҳокимиятга эришиш эмас, балки инсон ўз яратилишининг туп мақсадига содиқлиги ва Яратган ҳамда босқичлар бўйича ўзидан юқори турадиганларнинг барчаси олдидаги масъулият даражасидир.
Бундай қадриятлар тизимида инсон ўзини бошқаларнинг даромади ёки ютуқлари билан эмас, балки ўзига юклатилган омонатни қай даражада адо этаётгани билан баҳолайди. Демак, асосий ўлчов жамоатчиликнинг эътирофи эмас, балки Яратганнинг олдидаги масъулият бўлиб қолади.
Шу сабабли Ислом инсоннинг ички инқирозига моддий муваффақиятнинг етишмаслигидан эмас, балки ҳаёт мазмунини ва ўзининг ҳақиқий вазифасини йўқотиб қўйишдан келиб чиққан ҳолат сифатида қарайди.
Шу ўринда, капиталистик муваффақият маданияти билан Исломий дунёқараш ўртасидаги асосий фарқ яққол кўзга ташланади. Улар инсонга шунчаки турлича ҳаёт тарзини эмас, балки бир-биридан тубдан фарқ қилувчи қадриятлар тизимини таклиф этади. Яратган кўрсатган йўл ҳақиқатда ҳам муваффақиятнинг инсон ҳаётидаги ҳақиқий ўрни ва унинг мазмунини аниқ белгилаб беради.
Капиталистик дунёқарашда инсон ҳаёти асосан шахсий манфаатларни амалга оширишга қаратилади, унинг қадри эса моддий ютуқлар орқали ўлчанади. Исломда эса инсон Яратганнинг розилигига эришишни кўзлаб, У Зот юклаган вазифани адо этиш учун яшайди. Шунинг учун моддий бойлик, ижтимоий обрў ва бошқа ютуқлар ўз ҳолича мақсад сифатида эмас, балки манфаат келтиришга, яхшиликка ва Аллоҳга итоат этишга хизмат қиладиган восита сифатида кўрилади.
Мана шу сабабга кўра Ислом бойликни, муваффақиятни ёки шахсий камолотни инкор этмайди. Аксинча, уларни инсоннинг асосий мақсадига, яъни Аллоҳга ибодат қилишга, ўз ахлоқини такомиллаштиришга, ер юзида адолатни қарор топтиришга ва Аллоҳнинг динини устувор қилишга хизмат қилгандагина ҳақиқий қадриятга эга деб ҳисоблайди.
Вақтинчалик мақсадлар инсон вужудидаги бош мақсад сифатида қабул қилинган пайтда ҳаёт мазмунини йўқолиши туфайли инсонда юзага келган ички бўшлиқдан ва руҳий инқироздан фақатгина ҳаёт мазмунини тўғри англаш орқали халос бўлиш мумкин бўлади.
Латифул Расих




