Хабар ва изоҳ

Судхўрлик устига судхўрлик

Судхўрлик устига судхўрлик

Президент Садир Жапаров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали халққа мурожаат қилиб, Вазирлар Маҳкамаси йиллик 17 фоизлик даромад ставкаси билан давлатнинг қиммат баҳо қоғозларини сотувга чиқарганини маълум қилди. Шунингдек, у ушбу қиммат баҳо қоғозларни мобил илова орқали жуда осон харид қилиш мумкинлигини ва киритилган маблағлар икки йилдан сўнг тўлиқ қайтарилишини ҳамда фуқаролар ҳар йили 17 фоиз миқдорида даромад олиб туришларини билдирди.

Жапаров бу ташаббусни халқнинг молиявий фаровонлигини юксалтириш ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишга қаратилган қадам деб атаб, барчани уни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Изоҳ:

Бу каби хабарлардан кўриниб турибдики, ҳукумат давлат қарзини оширишни қайсарлик билан давом эттирмоқда, ҳатто давлат қарзини кўпайтириш бўйича ўзаро мусобақалашаётгандек таассурот уйғотмоқда. Чунки яқиндагина, аниқроғи 16 июнь куни бўлиб ўтган Олий Кенгашнинг бюджет, молия, тадбиркорлик ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси йиғилишида, расмийлар 2026 йилда 1,9 миллиард доллар миқдорида кредит олишни режалаштираётгани маълум қилинган эди.

Бу ҳам камлик қилганидек, мана энди Жапаров халқни йиллик 17 фоизлик ставка билан давлатнинг қиммат баҳо қоғозларини сотиб олишга ундамоқда. Ушбу судхўрлик амалиётини янада қулайлаштириш учун махсус мобил илова ҳам ишга туширилмоқда. Табиийки, бу ҳолат мамлакатнинг ички қарзи янада ортишига олиб келади. Шу тариқа, ички ва ташқи қарзлар тинимсиз кўпайиб, давлатнинг умумий қарзи рекорд даражага етиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунларига кўра, давлат қарзи қарийб 9 миллиард долларга етган эди. Бунинг 60 фоизини ташқи қарз бўлса, 40 фоизини эса ички қарзни ташкил этади. Айни пайтда, 2025 йилда давлат қарзини тўлаш учун 70 миллиард сом сарфланган.

Кўриниб турибдики, биргина 2025 йилнинг ўзида давлат қарзини ёпиш учун жуда катта маблағ, яъни 70 миллиард сом сарфланган. Бундан келиб чиқадики, ҳукумат қанчалик кўп кредит олса, давлат қарзини тўлаш учун ажратиладиган маблағ ҳажми ҳам шунчалик ортиб бораверади. Бу эса ўз навбатида мамлакат зиммасига, тўғрироғи, оддий халқ бўйнига оғир юк бўлиб тушади.

Бундан ташқари, бошқа давлатлар ёки халқаро ташкилотлардан олинаётган кредитларнинг фақат иқтисодий оқибатларига эътибор қаратиш, мавжуд хавф-хатарларнинг умумий манзарасини тўлиқ акс эттирмайди. Чунки ушбу кредитларни бераётган мамлакатлар ёки ташкилотлар, албатта, ўз шартларини мажбурий қилиб қўяди ва кўпинча бу шартлар сиёсий мазмунга ҳам эга бўлади. Шу боис, ҳукумат томонидан олинаётган бу қарзлар мамлакат суверенитетига салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.

Ушбу кредитлар ва давлатнинг қиммат баҳо қоғозлар бўйича мажбуриятлари мамлакатни нафақат қарз ботқоғига ботирмоқда, балки бошқа салбий иқтисодий оқибатларни ҳам келтириб чиқармоқда. Масалан, бугунги кунда кредитлар инфляциянинг юқорилаб кетишига сабаб бўлаётган асосий омиллардан бирига айланди. Айни пайтда Қирғизистон МДҲ давлатлари орасида инфляция даражаси энг юқори бўлган мамлакат ҳисобланади. Бироқ ҳукумат бу судхўрликнинг аянчли оқибатларига эътибор бермай, уни янада кўпайтиришга, ҳатто уни олишни осонлаштиришга уринмоқда. Халқни тарғиб қилиш орқали оммавий равишда судхўрлик билан шуғулланишига йўл очмоқда.

Исломда эса судхўрлик (рибо) кескин қораланган ва лаънатланган амалдир. Ислом рибони ҳаром қилган. Ҳатто уни Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига қарши уруш очиш билан тенглаштирган. Аллоҳ Таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَذَرُوا مَا بَقِيَ مِنَ الرِّبَا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ * فَإِنْ لَمْ تَفْعَلُوا فَأْذَنُوا بِحَرْبٍ مِنَ اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَإِنْ تُبْتُمْ فَلَكُمْ رُءُوسُ أَمْوَالِكُمْ لَا تَظْلِمُونَ وَلَا تُظْلَمُونَ

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз.) Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга — золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз».(Бақара сураси, 278-279-оятлар)

Биз, мусулмонлар ўлароқ, Ислом асосида яшаш ва унинг ҳукмларига амал қилишга масъулмиз. Ҳаётда адашмай, тўғри йўлда бўлишимиз ва зафарга эришишимиз учун Исломга маҳкам ёпишишимиз шарт. Бу дунё ҳаёти билан охират бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Аниқроқ айтганда, бу дунёда Исломга қандай амал қилганингизга қараб охиратингиз белгиланади. Шундай экан, бу судхўрлик амаллари фақатгина иқтисодий инқирозларга, қарамликка олиб келиб қолмай, балки мусулмонларнинг гуноҳга ботиб, охиратда азобга лойиқ бўлишларига сабаб бўлади.

Ҳарун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button