Хабар ва изоҳ

Европа Иттифоқининг махсус вакили Қирғизистонга нима мақсадда ташриф буюрди?

Европа Иттифоқининг махсус вакили Қирғизистонга нима мақсадда ташриф буюрди?

Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайсни қабул қилди. Учрашув чоғида томонлар «Марказий Осиё – ЕИ» форматидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини, инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан, «Қамбар-Ота-1» ГЭСи қурилишини ҳамда «Global Gateway» дастури доирасидаги ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашув якунида, бундан буён икки томонлама шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга келишиб олинди.

Изоҳ:

Ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли алоқалар ҳақидаги одатий расмий баёнотлар замирида, аслида Марказий Осиёда таъсир доирасини кенгайтириш умидида бўлган ташқи кучларнинг ўзаро кураши яққол кўзга ташланади. Россия минтақада тарихий жиҳатдан шаклланган мавқеини тиш-тирноғи билан сақлаб қолишга уринаётган, Хитой эса йирик кредитлар, инфратузилмавий лойиҳалар ва савдо йўллари орқали иқтисодий ҳукмронлигини ёяётган бир пайтда, Европа Иттифоқи ҳам инвестициялар, барқарор ривожланиш ва минтақавий интеграция шиорлари остида ўз таъсирини фаол суратда илгари сурмоқда.

Бор ҳақиқат шундан иборатки, Марказий Осиё борган сари йирик сиёсий ўйинчилар куч синашадиган рақобат майдонига айланиб бормоқда. Уларнинг ҳар бири минтақани ўзи учун манфаатли бўлган сиёсий, иқтисодий ва логистик занжирларга боғлаб қўйишга интилмоқда. Мана шу нуқтаи назардан қараганда, энергетика, транспорт ва табиий бойликларни қазиб олиш соҳасидаги лойиҳалар минтақа давлатлари учун тараққиёт омили бўлиш ўрнига, аксинча, стратегик йўналишлар, бозорлар ва ресурслар устидан назорат ўрнатишга қаратилган мустамлакачилик курашининг воситаларига айланиб қолмоқда.

Ташқи кучлар Марказий Осиёни тўлақонли мустақил куч маркази сифатида тан олиш ўрнига, минтақага ҳануз ўша эски неоколониал (янгича мустамлакачилик) мантиғи асосида баҳо бермоқдалар. Бошқача айтганда, улар Марказий Осиё кенгликларини ўз таъсир доирасини кенгайтирадиган ҳудуди сифатида баҳолаб, унга хомашё манбаи ва ўзларининг геоиқтисодий манфаатларини амалга ошириш учун қулай транзит йўлаги сифатида қарамоқда.

Шу боис, бугунги кунда “минтақадаги давлатлар ҳақиқий мустақил сиёсат юрита оладими ёки Москва, Пекин ва Брюссель ўртасидаги рақобат майдони бўлиб қолаверадими?”, деган савол ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button