Туфайл ибн Амр ад-Давсийнинг ўз қавмида қилган даъвати

Туфайл ибн Амр ад-Давсийнинг ўз қавмида қилган даъвати
Абу Наим «ад-Далоил»да чиқаришича, Муҳаммад ибн Исҳоқ шундай дейди: Расулуллоҳ ﷺ қавмининг аҳволини кўриб улардан насиҳатларини аямас ва уларни бундай аҳволдан халос бўлишга даъват қилар эдилар. Аллоҳ Расулини Қурайшдан ҳимоя қилган чоғда бу Қурайш одамларни ва ҳузурига келган арабларни Расулуллоҳ билан кўришишдан эҳтиёт бўлишга чақира бошлади. Туфайл ибн Амр ад-Давсийнинг ҳикоя қилишича, у Расулуллоҳ ﷺ Маккада турган пайтларида Маккага келди. У ҳурматли шахс ва доно шоир эди. Шунда унинг олдига Қурайшдан бир гуруҳ кишилар келишиб, шундай дейишди: Эй Туфайл, орамиздаги ана у киши ишларимизни мураккаблаштириб, чалкаштириб, жамоатимизни бўлиб юборди. Унинг сўзлари худди бир сеҳр каби бўлиб, кишини ўз отасидан, ака-укаларидан ва хотинидан ажратиб юборяпти. Биз орамизга кириб қолган нарсанинг сенга ва қавмингга ҳам кириб қолишидан қўрқамиз. Шунинг учун у билан гаплашма, сўзларини ҳам тинглама. Туфайл шундай дейди: Аллоҳга қасамки, улар тинмай шундай дейишаверди, оқибатда у киши билан гаплашмасликка, бирорта ҳам сўзини эшитмасликка қарор қилдим. Ҳатто эшитишни истамаган ҳолимда биронта сўзи қулоғимга чалиниб қолишидан қўрқиб эрталаб масжидга кирганимда қулоқларимга пахта тиқиб олдим.
Бир куни эрталаб масжидга кирсам Расулуллоҳ ﷺ Каъба олдида намозда турган эканлар. Мен яқинроғида турдим. Шунда Аллоҳ унинг айрим сўзларини эшитиб қолишимга муяссар қилди. Мен ундан шундай бир чиройли сўзни эшитдимки, ўзимга ўзим: Ҳа, онам ўлсин-а, ахир мен яхши билан ёмонни ажрата оладиган доно шоир бўлсаму, нега энди бу кишининг сўзларига қулоқ солмай?! Агар у келтирган нарса яхши бўлса қабул қиламан, ёмон бўлса тарк қиламан, дедим.
Мен Расулуллоҳ ﷺни уйларига қайтгунларигача кутиб турдим. Кейин ортларидан эргашдим ва уйларига киргач мен кириб, шундай дедим: «Эй Муҳаммад, қавмингиз менга шундай-шундай дейишди. Аллоҳга қасамки, улар сизнинг ишингиздан мени шу даражада тинимсиз қўрқитишдики, сўзларингизни эшитмаслик учун қулоқларимга пахта тиқиб олдим. Кейин Аллоҳ сўзларингизни эшитишимга муяссар қилди ва мен жуда чиройли сўзларни эшитдим. Шунинг учун ишингизни менга баён қилинг», дедим. Шунда Расулуллоҳ ﷺ менга Исломни баён қилдилар ва Қуръон тиловат қилдилар. Аллоҳга қасамки, мен бундай чиройли сўзларни эшитмаган ва бундан кўра одилроқ-тўғрироқ ишни билмаган эдим. Шунда Исломни қабул қилиб, ҳақ шаҳодат билан гувоҳлик бердим ва: Эй Аллоҳнинг Набийси, мен қавмим менга итоат қиладиган кишиман. Мен уларнинг олдига қайтиб, уларни Исломга даъват қилмоқчиман. Сиз қавмимни даъват қилаётганимда менга ёрдамчи бўладиган бир оят-белгини муҳайё қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг, дедим. Расулуллоҳ ﷺ:
«اللَّهُمَّ اجْعَلْ لَهُ آيَةً»
«Аллоҳим, унга бир оят-белгини муҳайё этгин», деб дуо қилдилар.
Мен қавмим ҳузурига жўнадим ва мени қавмимга аниқ кўрсатиб турадиган икки тоғ оралиғида икки кўзим ўртасида худди чироқдек бир нур пайдо бўлди. Мен: «Эй Аллоҳим, бу нурни юзимдан бошқа жойга ўзгартиргин, чунки улар бу нурни динларини тарк қилганим учун менинг юзимга тушган бир жазо, деб ўйлашларидан қўрқаман», дедим. Шунда нур ўзгариб, қамчим учига тушди ва қавмим қамчим учидаги муаллақ қандил мисоли нурни бир-бирига кўрсата бошлашди. Мен тоғдан тушиб, улар орасига қўшилиб кетдим.
Тоғдан тушганимда олдимга отам келди. У кекса чол эди. Мен отамга: «Мендан нари туринг, чунки сиз мендан эмассиз ва мен сиздан эмасман», дедим. Отам: «Нега, ўғлим?», деди. Мен: «Исломни қабул қилдим ва Муҳаммад ﷺнинг динига эргашдим», дедим. Шунда отам: «Сенинг дининг менинг диним», деди ва ғусл қилиб, либосини поклади. Мен унга Исломни баён қилган эдим, уни қабул қилди. Кейин олдимга хотиним келган эди: «Мендан нари тур, сен мендан эмассан, мен сендан эмасман», дедим. У: «Сизга ота-онам фидо бўлсин, нега?», деди. Мен унга: «Мен билан сенинг ўртамизни ажратган Исломдир», дедим. Шунда хотиним ҳам Исломни қабул қилди. Давс қавмини Исломга даъват қилган эдим, улар сустлик қилишди.
Кейин Маккага Расулуллоҳ ﷺнинг олдиларига бориб: «Давс қавми мендан ғолиб келяпти, уларнинг ҳаққига дуо қилинг», дедим. У зот шундай дедилар:
«اللَّهُمَّ اهدِ دَوْساً, اِرْجِعْ إِلىَ قَوْمِكَ فَادْعُهُمْ وَارْفَقْ بِهِمْ»
«Аллоҳим, Давс қавмини ҳидоят қилгин. Қавмингизга бориб уларни даъват қилинг ва уларга юмшоқ муомалада бўлинг». Мен Давс ерига қайтиб, Расулуллоҳ ﷺ то Мадинага ҳижрат қилгунларигача ва Бадр, Уҳуд, Хандақ жангларини олиб боргунларига қадар уларни Исломга даъват қилишда давом этдим. Кейин Расулуллоҳ ﷺ Хайбарда турган пайтларида қавмимдаги Исломга кирган кишилар билан бирга бордим. Мадинага борганимда мен билан Давснинг етмиш ё саксонта хонадони бор эди. (Буни ибн Саид ва Умавий чиқарган).

