Расулуллоҳ ﷺга холис ёндошганлардан айримларининг сўзлари

Расулуллоҳ ﷺга холис ёндошганлардан айримларининг сўзлари
- Майкл Харт: фалакиёт ва риёзиёт олими ва «Барҳаёт юз киши» китобини тузган тарихчи. У китобда тарихда башариятга энг кўп таъсири ўтган кишилар ҳақида баҳс юритган ва шундай деган:
«Башариятга энг кўп таъсир кўрсатган кишилар рўйхатининг биринчи ўрнига Муҳаммадни танлаганим баъзи бир ўқувчиларимни ҳайрон қолдириши мумкин, айримлари эътироз билдириши ҳам мумкин. Лекин у тарихда диний ва дунёвий соҳанинг ҳар бирида аниқ зафар қучган ягона киши бўлган» (Барҳаёт юз киши 33 саҳифадан).
- Жулpц Масерман: америкалик руҳий таҳлилчи ва Чикаго университети профессори: Оламда лидер-етакчини танлаб олиш учун учта шарт ишлаб чиққан:
1 – Лидерда етакчилик учун соғлом тузилиш тўлиқ топилиши керак.
2 – Лидер ўз халқини эътиқодлардан иборат бир мажмуа билан таъминлаши керак.
3 – Лидер ўз халқини шундай ижтимоий низом билан таъминлаши керакки, инсонлар унда хавфсизлик ва осудаликни ҳис қилиб турсин. У айтди:
«Асрлар оша бу учта ишнинг барчасини ўзида мужассам этган киши энг буюк лидер Муҳаммад бўлса керак».
- Ла Мартин: машҳур француз шоири. У «Турклар тарихи» китобида буюк лидер учун учта объектив ўлчовни келтирган: 1 – ғоят буюклик, 2 – воситаларнинг камлиги, 3 – ёрқин натижалар. Ундан кейин қўйидагиларни хулоса қилган:
«Файласуф, хатиб, пайғамбар, жангчи, ботил фикрларни яксон қилувчи, ақлоний эътиқодларни ҳамда бутларсиз ва суратларсиз ибодатни тирилтирувчи, 20та дунёвий империя ва ягона руҳий империя асосчиси… бу Муҳаммаддир. Башар буюклиги қиёс қилинадиган барча ўлчовларни эътиборга олган ҳолда ҳақли савол туғилади: ундан буюкроқ бирор инсон топилармикин?».
- Поп Мишон саййидимиз Муҳаммад ﷺ ҳақида шундай дейди:
«Масиҳийларнинг муомала қилиш руҳи ва гўзал муомала фазилатларини мусулмонлардан қабул қилишлари ачинарли. Бу иккаласи халқлар ва миллатлар наздида меҳр-шафқат ва мурувватнинг энг муқаддас саналган асосларидир. Буларнинг барчаси пайғамбарлари Муҳаммад таълимлари туфайлидир».
- Морис Букай: машҳур француз табиби. У саййидимиз Муҳаммад ﷺ ҳақида шундай дейди:
«Қуръон дунёнинг илмий даражасидан ҳам, кейинги даврлардаги олимларнинг илмий даражасидан ҳам, илм-маърифат даври бўлмиш йигирманчи асрдаги ривожланган илмий даражадан ҳам устундир. Бу нарса саводсиз кишидан содир бўлиши мумкин эмас. Бу Муҳаммаднинг ҳақиқий пайғамбар эканлигига ва у ваҳий туширилган пайғамбар эканига далолат беради».
- Густав Лебон ўзининг «араб ҳазорати» китобида ёзади:
«Шубҳа йўқки, Муҳаммад араб юртларида шундай натижаларга эришди-ки, Исломдан олдинги яҳудий ва насроий динлари ҳам у эришган нарсага эришаолмади. Шунинг учун Муҳаммаднинг араблар устидаги фазлининг чек-чегарасини кўрмаймиз».
- Карлейл: ёзувчи ва жаҳонда машҳур муфаккир. Ҳозирги барча тилларга таржима қилинган «Қаҳрамонлар» китобида шундай ёзади: «Шу аср фарзандларидан маданиятли ҳар қандай инсоннинг: Ислом дини ёлғон, Муҳаммад ҳақ бўлмаган, дегувчиларнинг фикрига қулоқ солиши шармандаликдир. Дарҳақиқат, бизга бундай аҳмоқона шармандали иддиоларга қарши курашиш пайти келди. Негаки, бу пайғамбар даъват қилган рисолат асрлар давомида миллионлаган инсонларга нур таратувчи машъалага айланди. Шундай бўлгач, шу асосда миллионлаган кишилар ҳаёт кечириб, вафот қилган бу рисолат ёлғончининг ёлғони ёки алдоқчининг найранги бўлиши ақлга тўғри келадими?… У бажарган рисолат фақат ҳақ ва рост, унинг сўзи ҳам албатта ҳақ ва рост ва унинг ўзи эса бутун оламга зиё таратган ёрқин юлдуздир, холос…».
- Маҳатма Ганди: ҳинд донишманди. У шундай деган: «Мил-лионлаган башар қалбларини шак-шубҳасиз забт этиб турган мана бу кишининг сифатларини билмоқчи бўлдим. Ислом ўз мавқеини эгаллашда қилич асосий восита бўлмаганига, аксинча, Пайғамбарнинг изчиллиги, ваъдага вафодорлиги билан, ўз дўстлари ва издошларига фидокорлиги ва ихлоси билан, ўз Раббиси ва рисолатига мутлақ ишончи билан бирга оддийлиги орқали бўлганига тўла ишонч ҳосил қилдим».

