Жаннат боғлари

Нуайм ибн Масъуд розияллоҳу анҳу

Нуайм ибн Масъуд розияллоҳу анҳу

Нуайм ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дили тоза, фаросатли, зукко инсон бўлиб, ҳеч бир масала унга тўсиқ бўлолмас ва бирон муаммо олдида ожизлик қилмас эди. Тўғри ўлчаш, тўғри гумонда бўлиш, топқирлик ва донолик каби Аллоҳ берган сифатларни ўзида жамлагани учун асл саҳролик йигитни гавдалантирар эди. Бироқ у бу ҳаётга ўч ва унинг лаззатларини севувчи эди, шу икки нарсага Ясриб яҳудийларидан ҳам кўпроқ интиларди. Қачон муғаннийни кўнгли тусаб қолса ёки қулоғига торлар ноласи чалиниб қолса борми, Нажддаги қавмини ташлаб, Мадина томон юзланиб жўнаб қоларди. Мадина яҳудийлари уни ҳаёт лаззатларидан кўпроқ баҳраманд қилишлари учун уларга молини аямай сарфларди. Шу жиҳатдан, Нуайм Ясрибга серқатнов бўлиб, у ердаги яҳудийлар билан, айниқса, Қурайза авлоди билан кўп алоқа қиларди.

Аллоҳ Ўз Росулини ҳидоят ва ҳақ дини билан инсониятни мукаррам қилган ва Макка атрофига Ислом нури тарқалган пайтда ҳам Нуайм ибн Масъуд ҳамон нафсини жиловлаб олмаган эди. Шунинг учун янги дин уни ҳаётнинг матою лаззатларидан маҳрум қилиб қўйишидан қўрқиб, бу диндан қаттиқ юз бурди. Сўнг тез фурсатда ўзини Исломнинг ашаддий душманлари сафида топиб, ушбу динга қарши қилич яланғочлашга отилиб чиқди.

Бироқ Нуайм ибн Масъуд Аҳзоб ғазоти кунида исломий даъват тарихи саҳифаларидан ўзи учун янги саҳифа очди, бу саҳифасини уруш ҳийлалари тўғрисидаги қатор қиссалардан бир гўзал қисса билан қорайтирди. Тарихда унинг қиссаси ҳамон ўзининг гўзал фасллари билан лол қолдириб, зукко оқил қаҳрамонлиги билан ҳайратга солиб келади.

Нуайм ибн Масъуд қиссаси билан обдан танишишингиз учун бир оз ортга қайтишингиз лозим: Аҳзоб урушидан бир оз олдин Бану Назир яҳудийларидан бир гуруҳи Ясрибга тарқалишди. Уларнинг бошлиқлари Росулуллоҳ ﷺга уруш қилиш, динини йўқ қилиш мақсадида аҳзоб-гуруҳ тўплашга киришишиб, Маккадаги Қурайш қабиласига келишди. Уларни мусулмонларга қарши уруш қилишга гижгижлашди, Мадинага етиб борганимизда бизга қўшиласиз, дея аҳдлашиб олишди ва бир вақтга ваъдалашишиб, уни бузмасликка сўз беришди. Кейин бу яҳудийлар Нажддаги Ғатфон қабиласига боришди, уларни ҳам Ислом ва унинг Набийсига қарши қўзғашиб, бундай янги динни илдизи билан қўпориб ташлашга даъват қилишди. Қурайш билан тузган аҳдларини уларга омонат сифатида етказишди ва ваъдалашилган вақтдан хабардор қилишди.

Қурайш қабиласи ўзининг ҳамма одамлари билан, отлиғу пиёдалари билан бошлиғи Абу Суфён қўмондонлиги остида Мадина сари йўлга чиқди. Нажддан Ғатфон қабиласи ҳам ўзининг бор буд қурол аслаҳалари ва кўплаб лашкарлари билан Уяйна ибн Ҳисн Ғатфоний қўмондонлиги остида йўлга чиқди. Ғатфон лашкарларининг олдинги сафида қиссамиз қаҳрамони Нуайм ибн Масъуд ҳам бор эди.

Росулуллоҳ ﷺга уларнинг урушга чиққанлари тўғрисидаги хабари етиб келгач, асҳобларини тўплаб, бу борада улардан маслаҳат сўрадилар. Улар бундай енгиша олмайдиган катта қўшиннинг олдини тўсиш учун ва улкан босқинчи лашкарлар олдига ғов қўйиш учун Мадина атрофида хандақ ковлаш тўғрисида маслаҳат беришди, Росулуллоҳ ﷺ бунга рози бўлдилар.

Макка ва Нажддан бостириб келаётган бу икки қўшин Мадина остонасига деярли яқинлашиб қолганда Бану Назир бошлиқлари Мадинада истиқомат қилувчи Бану Қурайза яҳудийлари олдига ошиқишди ва уларни Набий ﷺга қарши бошлашган урушларига қўшилишга, Макка ва Нажддан келаётган икки қўшинга ёрдам қўлини чўзишга аврашди. Уларга Бану Қурайза бошлиқлари бундай жавоб қилишди: Ҳақиқатдан, сиз бизни ўзимиз истаган ва ҳаракат қиладиган нарсамизга чақиряпсиз, аммо сизга маълум, Муҳаммад билан ўртамизда аҳднома мавжуд бўлиб, унда бизнинг Мадинада тинч, хавфсиз яшаб қолишимиз учун ўзаро тинч дўстона яшашга шартлашилган. Шартномамиз сиёҳи ҳали қуригани йўқлигини ҳам биласиз. Биз бу урушда Муҳаммад ғалаба қозонгудек бўлса, бизга қаттиқ қаҳрини сочишидан, унга қилган хиёнатимиз жазосига бизни Мадинадан буткул ҳайдаб чиқаришидан қўрқамиз. Аммо Бану Назир бошлиқлари уларни аҳдни бузишга кўндиришга уринишди. Улар бу сафар ғалаба қўлга киритилиши муқаррарлигини таъкидлашиб Муҳаммадга хиёнат қилишга кўндиришга ҳаракат қилишди ва иккита йирик қўшин олиб келишга қатъий қарор қилишганини айтишдан тўхташмади. Ниҳоят, кўп ўтмай Буну Қурайза қабиласи уларга ўз иродаларини бўйсундиришиб, Росулуллоҳ ﷺ билан тузган аҳдларини бузишди, ўрталарида имзоланган шартномани йиртиб ташлашди, ул зотга қарши қилинган урушда аҳзобларга қўшилишганини эълон қилишди. Бу хабар мусулмонларга чақмоқдек қаттиқ таъсир қилди.

Аҳзоблар қўшини Мадинани қуршаб олди, шаҳар аҳлини озиқ-овқат ва барча нарсадан тўсиб, қамал қилди. Росулуллоҳ ﷺ ўзини душман қопқонига тушгандек сездилар, чунки Қурайш билан Ғатфон Мадина ташқарисида мусулмонларнинг қоқ пешоналарига лагер тикиб туришганди. Бану Қурайза бўлса шаҳар ичкарисида мусулмонлар орқасидан тайёр пойлаб ўтиришганди. Кейин, мунофиқлар ва қалбларида марази бор кимсалар ҳам дилларида яшириб турган нарсаларини фош этишди ва – Муҳаммад бизга Кисро ва Қайсар бойликларини олиб беришни ваъда қилиб келарди, бугун бўлсак, ҳатто ҳожат чиқаргани ҳам уйдан чиққани қўрқиб қолдик, деган гапларни гапира бошлашди.

Кейин улар Бану Қурайза томонидан қилинадиган ҳужумдан ўз аёллари, болалари ва уйларидан қўрқаётганларини баҳона қилишиб, Набий ﷺ атрофидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб тарқай бошлашди. Чунки жанг шиддатли тус олиб, Росулуллоҳ ﷺда бир неча юз нафар содиқ мўминлардан бошқа ҳеч ким қолмаганди.

Қарийб йигирма кунча давом этган қамал кунларидан бирида тунда Росулуллоҳ ﷺ Роббига илтижо қилдилар, Аллоҳга музтар банданинг дуосини қилиб, дуоси орасида такрор-такрор

«اَللَّهُمَّ إِنِّي أَنْشُدُكَ عَهْدَكَ وَوَعْدَكَ… اَللَّهُمَّ إِنِّي أَنْشُدُكَ عَهْدَكَ وَوَعْدَكَ»

«Аллоҳим, мен Сенга аҳдинг ва ваъданг умидида илтижо қиламан, Аллоҳим, мен Сенга аҳдинг ва ваъданг умидида илтижо қиламан», дедилар.

Айни шу кечада Нуайм ибн Масъуд уйқусизликдан тўшагида у ёқдан бу ёққа ағанайверди, қовоқлари худди михлаб қўйилгандак юмилмади. Шунда у мусаффо осмон гумбазида сузиб юрган юлдузларга кўзларини тикди ва узоқ тафаккур қила бошлади… Шу пайт, кутилмаганда унда бир савол пайдо бўлди:

Шўринг қурсин, Нуайм!! Нажддек узоқ юртдан шу киши ва унинг дўстларига қарши уруш қилиш учун келдингми?! Сен бу кишига тортиб олинган ҳаққингни ҳимоя қилиб, ёки поймол этилган номусинг учун ҳамиятинг қўзиб уруш қилмаяпсан, балки маълум бир сабабсиз уруш қиляпсан. Наҳот сенинг ақлингдек бир ақли бор кишининг ҳеч сабабсиз уруш қилиниб, урушда ўлдириши ё ўлдирилиши дуруст бўлса!?

Шўринг қурсин, Нуайм! Шундай солиҳ кишига қарши қилич яланғочлашга сени нима мажбур қиляпти? Ахир, у адолат ва яхшиликка эргашишни, қариндош уруғлар билан борди-келди қилишни буюраётган бўлса!

Бу кишининг ўзларига келган ҳақ ва ҳидоятга эргашган асҳоблари қонига қўлларингни ботиришга сени нима мажбур қиляпти?!».

Нуайм билан унинг қалби ўртасида кечган бундай кучли баҳс охири уни ягона қарордан ўзга нарсага олиб бормади ва Нуайм ҳеч нарсага қарамай шу қарорни ижро этишга отланди.

Нуайм ибн Масъуд тун зулмати оғушида қавми лагеридан аста секин чиқиб, Росулуллоҳ ﷺ томон қадамларини тезлатди…

Набий ﷺ ўз қаршиларида унинг турганини кўргач, «Нуайм ибн Масъуд?!», дедилар.

Ҳа, мен, ё Росулуллоҳ, деди.

Шу соатда сизни бу ерга келишга нима мажбур қилди? дедилар.

Мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, сиз Унинг бандаси ва Росули эканингизга, сиз олиб келган нарса ҳақ эканига гувоҳлик бериш учун келдим, деди. Кейин – мен Исломни қабул қилдим, ё Росулуллоҳ, қавмим мусулмон бўлганимдан хабари йўқ, истаганингизни буюринг, қилай, дея қўшимча қилди.

Росулуллоҳ ﷺ бундай дедилар: «Сиз орамизда биттаю битта кишисиз, шунинг учун қавмингизга боринг ва қўлингиздан келса-уларни биз учун эсанкиратинг (душманимиз умидини пучга чиқариб, қувватини заифлаштиринг), чунки уруш алдовдир».

Хўп, ё Росулуллоҳ, сизни хурсанд қиладиган ишни кўрасиз, инша Аллоҳ, деди.

Нуайм ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тўппа-тўғри Бану Қурайзага борди, улар билан илгари дўстлиги, улфатчилиги бор эди.

Уларга – эй Бану Қурайза, менинг сизга бўлган дўстлигимни, чин ихлосимни биласиз-а, деди.

Улар – ҳа, сен орамизда ҳеч қачон айбланган эмассан, дейишди.

Уларга  – бу урушда Қурайш билани Ғатфон масалалари сизнинг масалангиздан бошқача, деди.

Қандай, деб сўрашди.

Нуайм уларга бундай деди: Бу юрт сизнинг юртингиз, мол-мулкларингиз ҳам, аёлу фарзандларингиз ҳам шу юртда, уларни бошқа ерга кўчиришга тоқатингиз йўқ, Қурайш ва Ғатфон эса, уларнинг мол-мулклари ҳам, аёлу фарзандлари ҳам бу юртда эмас, улар Муҳаммадга уруш қилгани келишган, улар сизни у билан қилган аҳдингизни бузишга, унга қарши уларга ёрдам беришга чақиришганди, рози бўлдингиз, урушда ғолиб келишса-ку, фойда олишади, бироқ тор-мор этилгудек бўлишса борми, сизни ташлашиб, уйларига тинч-омон қайтиб кетаверишади… Муҳаммад сиздан қақшатқич интиқом олади, биласиз, бир ўзингиз унга бас келолмайсиз.

Улар – гапларинг тўғри, сенинг фикринг қандай, дейишди.

Нуайм деди: Фикримча, сиз улар билан бирга жангга киришдан олдин улардан шарафли кишиларини ўзингизга гаров қилиб олишингиз керак, шундай қилсангиз, гаровдагиларни ҳам Муҳаммадга қарши урушда ўзингиз билан ола кетасиз, ё сиз Муҳаммадни мағлуб қиласиз, ё у сиздан ва гаровдагилардан сўнгги кишигача йўқ қилади…

Насиҳатинг жуда тўғри, дейишди.

Кейин Нуайм уларнинг олдидан чиқиб, Қурайш қўмондони Абу Суфён ибн Ҳарб олдига борди ва унга, шерикларига бундай деди: Эй Қурайш жамоаси, менинг сизга бўлган дўстлигим ва Муҳаммадга бўлган душманлигимни биласиз, менга шундай гап маълум бўлдики, уни сизга маълум қилишни ўз зиммамда деб билдим, сиз эса холислик билан уни ўзингизда яшириб, ёйиб юбормай туришингиз лозим.

Улар – айтганинг бўлсин, дейишди.

У деди: Гап шундаки, Бану Қурайза Муҳаммадга душманлик қилаётганларидан пушаймон бўлишиб, унга одам жўнатишиб бундай дейишди: биз қилган ишимиздан пушаймонмиз, сиз билан қайта тинчлик аҳдини тузишга қарор қилдик, агар сиз учун Қурайш ва Ғатфоннинг шарафли кишиларини олиб, уларни ўлдириб юборишингиз учун сизга топширсак, кейин душманни тор-мор қилишингиз учун биз сизга қўшилиб жанг қилсак, шунга рози бўласизми? Муҳаммад бунга рози бўлди. Агар яҳудийлар сизга гаровдаги одамларни сўраб чопар юборишса, уларга биттасини ҳам топширманг.

Шунда Абу Суфён – сенинг иттифоқчилигинг жуда яхши бўлди, кам бўлма, деди.

Нуайм Абу Суфённинг олдидан чиқиб, ўз қавми Ғатфонга етиб келди ва уларга ҳам Абу Суфёнга айтган гапларини айтди, уларни ҳам ўшандай огоҳликка чақирди.

Абу Суфён Бану Қурайзани текшириб кўрмоқчи бўлди ва уларга ўғлини чопар қилди. Ўғли уларга – отам сизга салом йўллади ва Муҳаммад билан асҳобларини қамал қилиб туришимиз чўзилиб кетди, биз унга қарши жанг бошлаб, уни йўқ қилишга қарор қилдик, деди ва сиздан эртага ушбу жангга қўшилишингизни талаб қиляпти, деди.

Улар Абу Суфённинг ўғлига бундай дейишди: Эртанги кун шанба, биз бу кунда ҳеч нарса билан шуғулланмаймиз, қолаверса, то сиз ўзингиздан ва Ғатфондан етмиш нафар кишини бизга гаров сифатида топширмагунингизча, сиз билан бирга жангга кирмаймиз. Сизга қарши жанг кучайиб кетгудек бўлса, юртингизга шошиб кетиб қолиб, бизни Муҳаммадга қолдиришингиздан қўрқяпмиз, сизга яхши маълум, биз унга бас келолмаймиз…

Абу Суфённинг ўғли қавмига қайтиб, уларга Бану Қурайзадан барча эшитганларини айтиб бергач, ҳаммалари бир овоздан бундай дейишди: Бу чўчқа ва маймундан тарқалганлар қуриб кетишсин, Аллоҳ ҳаққи, ҳатто биздан битта қўйни гаров сифатида талаб қилишса ҳам, бермаймиз.

Нуайм ибн Масъуд розияллоҳу анҳу аҳзоблар сафини бўлиб ташлашни, тилларини бошқа-бошқа қилишни уддасидан чиқди. Аллоҳ Таоло Қурайш ва унинг иттифоқчиларига кучли шамол юборди, шамол уларнинг чодирларини қўпориб ташлади, қозонларини ағдариб, ўтларини ўчирди, кўзларини чанга ботирди. Улар ортга жўнаб қолишдан ўзга иложини қилишолмай, тун қоронғусида йўлга тушишди…

Мусулмонлар эрталаб туришиб, Аллоҳнинг душманларини қочиб қолишганини кўришгач, бундай дея ҳайқирдилар:

«اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي نَصَرَ عَبْدَهُ، وَأَعَزَّ جُنْدَهُ، وَحَزَمَ الْأَحْزَابَ وَحْدَهُ»

«Аллоҳга ҳамд бўлсин, ўз бандасига нусрат берди, ўз қўшинини қудратли қилди, аҳзобларни ёлғиз ўзи яксон этди».

Нуайм ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўша кундан бошлаб Росулуллоҳ ﷺнинг ишончларини қозонди, ул зот ишларига ёрдам берадиган, оғирини енгил қиладиган, байроқларини кўтариб борадиган бўлди.

Макка фатҳ қилинди. Абу Суфён ибн Ҳарб мусулмонлар қўшинини кузатар экан, Ғатфоннинг байроғини кўтариб турган кишига кўзи тушди. Олдидаги одамлардан – ким бу, деб сўради. Бу Нуайм ибн Масъуд, деб жавоб қилишди. Шунда Абу Суфён бундай деди: Бу одам Хандақ куни бизга жуда ёмон иш қилди, Аллоҳ ҳаққи, у Муҳаммадга энг ашаддий душманларнинг бири эди, қарангки, бугун унинг сафида ўз қавми байроғини кўтариб, унинг байроғи остида бизга уруш қилиб келяпти.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button