ТМУ миллий бирлик ғоясидан манфаатдорлик сари юз бурмоқда

ТМУ миллий бирлик ғоясидан манфаатдорлик сари юз бурмоқда
15 май куни Қозоғистонда “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги норасмий саммит доирасида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТМУ)нинг Туркистон саммити, ушбу ташкилотнинг миллий бирлик ҳақидаги орзу-истаклардан узоқлашаётганини кўрсатди.
Агар учрашувнинг ташқи безакларига эмас, балки унинг асл мазмун-моҳиятига теранроқ назар ташласак, Илк ғоянинг устуворлигига эмас, балки унинг тубдан, тектоник тарзда ўзгараётганига гувоҳ бўламиз. Узоқ йиллар давомида мазкур лойиҳанинг бош тимсоли бўлиб келган пантуркизм ғояси ўз ўрнини бутунлай капиталистик манфаатдорлик ва фойда кўриш тамойилларига бўшатиб бермоқда.
Технологияларга қаратилган кун тартибининг мисли кўрилмаган даражада олдинга чиқишини ушбу йўналиш ўзгарганининг энг яққол далили сифатида келтириш мумкин. Муҳокамалар маркази миллий “биродарлик” каби мавҳум тушунчалардан сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва космос соҳасига кўчди. Қозоғистоннинг «Alem.ai» маркази тақдимоти, йирик маълумотлар марказларининг лойиҳалари ва «CubeSat» илмий сунъий йўлдошини биргаликда коинотга учириш бўйича эълон қилинган режаларнинг ўзиёқ кўп нарсадан дарак беради. Президент Тоқаев «Turkic AI» ягона технологик марказини ҳамда ушбу ташкилотга аъзо давлатлар учун Сунъий интеллект (СИ) университетини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бу эса Кремль сиёсати билан алоқаларни сақлаб қолган ҳолда, айни пайтда ўзи учун маълум бир манфаатларни кўзлаш ва ташкилот учун янги, анча қулай пойдевор яратишга бўлган интилишни англатади.
Айниқса, «ТМУ — геосиёсий ёки ҳарбий ташкилот эмас» деган баёнот ўта кескин янгради. Мезбон томондан айтилган бу сўзлар, ташкилотни гўёки «Туркий НАТО» сифатида кўраётган режалар устидан совуқ сув сепгандек бўлди. Туркия раҳбари Эрдўғон ҳам асосий урғуни ҳарбий альянсга эмас, балки киберхавфсизлик ва мудофаа саноатига қаратиб, ушбу фикр устида баҳслашишга уриниб ўтирмади. Шу боис, ҳар бир давлат маълум маънода ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилаётган бу бирликдан бутунлай воз кечишни истамайди. Бироқ шу билан бир пайтда, улар Анқара белгилаб берган мақсадлардан аста-секин узоқлашмоқдалар.
Эндиликда лойиҳанинг бошқарув маркази Марказий Осиё томон силжий бошлади. Қорабоғ воқеаларидан сўнг ўз кучига бўлган ишончи янада мустаҳкамланган Озарбайжон ва иқтисодий салмоққа эга Қозоғистон асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланишга интилмоқда. Туркия эса ўз салоҳияти ва катталигига қарамай, «укаларини» ортидан эргаштириб борувчи яккаю ягона етакчилик мақомидан узоқлашмоқда. Қозоғистоннинг «Иброҳим келишувлари»га қўшилиши ҳам буни тасдиқлайди. Бу қадам Анқаранинг ташқи сиёсий режаларига зид келиши билан бирга, Марказий Осиё давлатларининг мустақил, ўзига хос ва алоҳида манфаатлари борлигини яққол кўрсатиб турибди.
Ташкилот пойдеворининг бу қадар заифлиги йўналишларнинг айро тушишига олиб келмоқда. Чунки бу ташкилот ғоявий жиҳатдан миллий бирликка асослангандир. Миллий ва тарихий бирликнинг умумий мавзусини Ислом омилидан ажратиб ташлаш, ундан фақат ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга бўлган интилишни бошиданоқ боши берк кўчага киргизиб, заифлаштириб қўйган эди. Шу боис, миллий ва тарихий бирлик мавзусини бу тарзда қўллаш бошданоқ самарасиз бўлиб, ўз-ўзини инқирозга етаклаши аён эди. Миллатчилик ғояси аҳиллик ва бирликка етакловчи ҳақиқий кучга айлана олмади. Бироқ улар муайян бир йўналишни танлаб бўлганлари сабабли, эндиликда уни яна капиталистик ҳисоб-китоблар билан “тўғрилашга” мажбур бўлишмоқда. Демак, ТМУ ўз негизини ушбу минтақадаги мусулмон халқларини асрлар давомида юксалтириб келган Ислом мафкураси билан мустаҳкамламас экан, у яна одатдагидек прагматик «манфаатлар жамоаси»га айланиб қолаверади.
Хужжат Жамиа




