Мақолалар

Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилишида фуқаролар ҳуқуқлари топталмоқда

Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилишида фуқаролар ҳуқуқлари топталмоқда

Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўлининг қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Мазкур йирик лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард долларни ташкил этиши айтилмоқда. Бу маблағнинг асосий қисми (4,7 миллиард доллари) Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи тармоқ қурилишига сарфланади. Ўзбекистонда эса темир йўл инфратузилмаси асосан тайёр бўлгани боис, у ерда фақатгина таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади. Лойиҳани амалга ошириш мақсадида уч давлат томонидан қўшма корхона таъсис этилган. Молиялаштириш жараёнида Қирғизистоннинг улуши 24,5 фоизни ташкил этади. Мамлакат ўз ҳиссасини давлат бюджети ҳамда Хитойдан олинадиган кредит маблағлари эвазига қоплашни режалаштирмоқда. Дастлабки босқичнинг ўзидаёқ Қирғизистон Хитойдан 305 миллион доллар миқдорида кредит олишни кўзлаяпти.

Юқорида таъкидланганидек, лойиҳанинг Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган қисмида янги темир йўл линияси барпо этилади. Бу эса, ўз-ўзидан, кўплаб хонадонларнинг бузилишини ва экин майдонлари темир йўл қурилиши учун ажратилишини англатади. Транспорт ва коммуникациялар вазирининг ўринбосари Алмаз Тургунбаевнинг маълум қилишича, лойиҳа доирасида 214 та турар жой биноси бузилишга тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми (191 та хонадон) Сузоқ туманида, қолганлари эса Норин вилоятида жойлашган.

Бироқ лойиҳани амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари керакли даражада ҳимоя қилинмаяпти. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнидаги портлатиш ишларида экологик талаблар ва меъёрлар қўпол равишда бузилаётгани кузатилмоқда.

Вазирлик компенсация миқдорини белгилаш учун мустақил баҳолаш компаниясини жалб қилиб, объектларни кўздан кечириш ишларини якунлаган. Аммо темир йўл учун бузиладиган уйларни баҳолаш жараёни адолат мезонларидан йироқ тарзда олиб борилмоқда. «Мустақил» деб аталган ушбу компаниялар ҳам ҳукуматнинг ноғорасига ўйнаб, уй-жойларни бозор баҳоси бўйича баҳоламаган.

Депутат Жилдиз Курманалиева ҳам товон пулининг ниҳоятда камлигини айтиб чиқди: «Мулк қиймати ўта паст баҳоланмоқда… 13 май куни аҳолига тўланадиган товон пулининг миқдори эълон қилинди. Унга кўра, пойдевори қуйилган ер участкаси учун 130 минг сом, катта уй учун эса 400 минг сом берилиши маълум бўлди. Халқ бундан қаттиқ норози. Биринчидан, улар ота-боболаридан қолган масканларини ташлаб кетишга мажбур бўлишмоқда. Иккинчидан, ҳозирги шароитда 130 минг сомга пойдевор қуриш у ёқда турсин, ҳатто оддий ер участкасини сотиб олишнинг ҳам умуман иложи йўқ», — деди Курманалиева.

Инфляция даражаси юқори бўлиб, қимматчилик авж олган бугунги даврда бундай арзимаган маблағ эвазига ер сотиб олиш ёки бошпана тиклаш мутлақо имконсиздир. Бундай шароитда уйи ва еридан айрилаётган одамларга берилаётган товон пулининг миқдори адолатсизлик ва очиқдан-очиқ зулмдан бошқа нарса эмас.

Бундан ташқари, давлат томонидан аҳолига ер ажратиш ишлари тўхтатилган. Уй-жой қурилишини эса Давлат ипотека компанияси ва бошқа йирик қурилиш фирмалари буткул монополия қилиб олган. Оқибатда, ҳукумат одамларни судхўрликка асосланган «ипотека» тизими орқали бошпана сотиб олишга мажбур қилмоқда.

Уй-жой масаласи энг оғриқли муаммога айланиб қолгани боис, бугунги кунда халқнинг бош мақсади — қандай бўлмасин бир бошпанага ёки ҳеч бўлмаганда бир парча ерга эга бўлиш бўлиб қолди. Шу сабабли одамлар топган-тутганини йиғиб, уй сотиб олишга, ёки ёки норасмий бўлса ҳам, таваккалчилик билан ер участкаларини сотиб олишга мажбур бўлишмоқда.

Бу – оддийгина қилиб айтганда – капитализмнинг асл башарасидир. Капиталистик тузумда фақатгина монополист бойларнинг манфаатлари ҳимоя қилиниб, аҳолининг катта қисмининг ҳақ-ҳуқуқлари топталган ҳолатда қолаверади. Капитализмда уй-жой масаласига инсоннинг асосий эҳтиёжи сифатида эмас, балки соф иқтисодий масала сифатида қаралади. Шу сабабдан ҳам, одамларнинг бошпанали бўлиш умиди ипотека компанияларининг «марҳаматига» ташлаб қўйилган. Бунинг оқибатида, капиталистик жамиятда уй-жойлар ҳаддан ташқари қиммат бўлиб, аксарият одамлар бошпанага етиша олмайди, етишган тақдирда ҳам жуда ёмон шароитдаги уй-жойларда кун кечиришга мажбур бўлади.

БМТнинг ҳисоботига кўра, бугунги кунда дунёда қарийб 2,8 миллиард инсон ночор уй-жой шароитида яшамоқда. Уларнинг 1 миллиарддан ортиғи вайрона кулбаларда (харобаларда) ва ноқонуний қурилган масканларда кун кечираётган бўлса, 300 миллиондан зиёди амалда мутлақо уй-жойсиз, кўчада қолганлардир.

Капитализмнинг бундай зулми ва адолатсизлигига зид ўлароқ, Ислом инсонларнинг уй-жойга эга бўлишини биринчи ўринга қўяди. Исломда бошпана масаласи асосий эҳтиёжлар сирасига киради. Шу сабабли, Ислом уйсиз фуқароларни бошпана билан таъминлаш мажбуриятини давлатнинг зиммасига юклайди. Бошқача айтганда, давлат ўз халқини уй-жой билан таъминлашдан масъулдир.

Бундан ташқари, Исломда инсонларнинг шахсий мулки, жумладан, уй-жойи дахлсиз ҳисобланади. Агар бирор-бир қурилиш ёки йўл қуриш мақсадида фуқаронинг шахсий уйини бузиш зарурати туғилса, аввало, бозор баҳосига мос равишда, уй эгасини рози қиладиган даражада товон пули тўланиши шарт. Агар уй эгаси рози бўлмаса, уни ҳеч ким тортиб ололмайди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалиги даврида мусулмонлар сони кўпайганлиги сабабли, Пайғамбаримиз ﷺнинг масжидларини кенгайтиришга зарурат туғилади. Бунинг учун масжидга туташ ерларни сотиб олиш керак эди. Атрофдаги барча уй-жой эгалари жон-диллари билан бунга рози бўлишади, фақатгина Пайғамбаримиз ﷺнинг амакилари Ҳазрати Аббос ўз ерини сотишдан бош тортади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу унга адолатли, ҳатто асл баҳосидан ҳам анча юқори нарх таклиф қилиб, масжид учун ерни ундан куч билан олиш тўғри эмаслигини айтади.  Бироқ Аббос розияллоҳу анҳу ўз мулкини ҳеч қандай пулга сотмаслигини билдиради.

Шунда Умар розияллоҳу анҳу масалани ҳал қилиш учун қозига мурожаат қилади. Қози Убай ибн Кааб розияллоҳу анҳу иш юзасидан шундай ҳукм чиқаради: «Ҳеч ким бошқа бировнинг мулкини — ҳатто масжидни кенгайтириш учун бўлса ҳам — куч билан тортиб олишга ҳаққи йўқ. Бу ер Аббоснинг мулки бўлиб қолади, ҳатто халифанинг ҳам Аббосни ўз ерини сотишга мажбурлай олмайди».

Қозининг ушбу қатъий қарори эълон қилингач, Ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳу ўз ихтиёри билан, ҳеч қандай ҳақ олмасдан ўз ерини масжидга туҳфа қилишини билдиради ва бунинг сабабини шундай изоҳлади: «Мен бу ишни Исломда инсон ҳуқуқлари нечоғлик юксак қадрланишини ҳаммага кўрсатиб қўйиш учун қилдим». Мана шу Исломнинг уй-жой ва мулк сиёсатига оид энг ёрқин намунадир.

Шундай экан, Ислом ҳукмлари ҳаётга татбиқ этилмагунча, инсон ҳуқуқларини чинакам таъминлаб бўлмайди. Чунки капитализмнинг табиати одамларнинг муаммоларини ҳал қилиш асосига эмас, аксинча, уларнинг эҳтиёж ва қийинчиликларидан фойдаланиб, пул топиш асосига қурилгандир.

Харун Абдулхак

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button