Хабар ва изоҳ

Мустамлакачилик сиёсатининг асл башараси: Иттифоқчидан юз ўгириш ёхуд афғон қочқинларининг қисмати

Мустамлакачилик сиёсатининг асл башараси: Иттифоқчидан юз ўгириш ёхуд афғон қочқинларининг қисмати

Хабар:

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Трамп маъмурияти айни пайтда Қатарда қолиб кетаётган 1100 нафар Афғонистон фуқаросини АҚШга киритишни истамаётганини тасдиқлади. Бу инсонлар АҚШнинг Афғонистондаги йигирма йиллик истилоси даврида америкалик ҳарбийлар, разведка хизматлари ва бошқа расмий идоралар билан ҳамкорлик қилиб келган эдилар.

Рубио Вашингтон уларни бошқа ўлкаларга жойлаштириш бўйича бир қатор давлатлар билан музокаралар олиб бораётганини айтиб, ҳозирча хавфсизликка оид чекловлар уларнинг АҚШга киришига тўсқинлик қилаётганини таъкидлади. Бундан аввал «Afghan Evac» ташкилоти АҚШ ушбу афғонларнинг бир қисмини Конго Демократик Республикасига кўчириш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилган эди.

Ўтган йилнинг охирида Вашингтонда афғон қочқини иштирокида юз берган отишма воқеасидан кейин вазият янада чигаллашди. Мана шу ҳодиса ортидан Дональд Трамп ўн икки мамлакат фуқароларининг АҚШга киришига чеклов жорий қилди, уларнинг қаторида Афғонистон ҳам бор.

Изоҳ:

Қатардаги афғонларнинг бошига тушган бу оғир қисмат шунчаки миграция муаммоси ёки виза билан боғлиқ бюрократик баҳс-мунозара эмас. Аксинча, бу ҳолат инсонларни, ўз қадр-қиммати ва ҳуқуқларига эга шахс сифатидa эмас, балки ўзларининг сиёсий, ҳарбий ҳамда геостратегик мақсадларига эришиш йўлидаги оддий бир қурол деб билувчи мустамлакачи капиталистик тузумнинг асл башарасини фош этмода. АҚШ Афғонистонни ишғол қилган йилларда бу одамларни ёллаб, кўкларга кўтарган ва америка манфаатларини рўёбга чиқаришда уларга таянган эди. Бугун эса уларнинг тақдири берилган ваъдалар, кўрсатилган хизматлар ёки уларнинг содиқликларига қараб эмас, балки тинимсиз ўзгариб турувчи сиёсий ҳисоб-китоблар ва хавфсизлик ваҳималарига қараб белгиланмоқда.

Бу аянчли ҳолат мустамлакачи давлатларнинг энг асосий хусусиятини кўрсатиб турибди: уларнинг инсонлар ва давлатлар билан бўлган муносабати мустаҳкам тамойилларга, қадриятларга ёки ахлоқий мажбуриятларга эмас, балки фақатгина вақтинчалик манфаатга асосланади. Бир пайтлар «иттифоқчилар» ва «шериклар» сифатида улуғланган кимсалар бугун мавҳумлик гирдобида қолиб, учинчи мамлакатларга, ҳатто Конго Демократик Республикаси каби қашшоқ ва беқарор ўлкаларга сургун қилиниш хавфига дуч келиб турибди. Куч ва манфаат ҳукмрон бўлган тизимда инсон ўз фойдалилигини йўқотган лаҳзадаёқ қадрини ҳам йўқотади.

Афғон қочқинлари дуч келаётган бу инқироз шунчаки географик макон алмаштириш масаласи ҳам эмас. Уларнинг аксарияти йиллар давомида барқарорлик ва бир ерга мансублик туйғусидан маҳрум бўлиб, сақофий босимлар, инсоний изтироблар ва ўз келажагига оид ваҳималар ичида яшаб келдилар. Шу боис уларнинг бугунги ҳолати шунчаки кўчиш муаммоси эмас. Бу ҳолат, айни пайтда, мусулмонларнинг қадр-қиммати, хавфсизлиги ва истиқболи мустамлакачи кучларнинг ваъдаларига боғлиқ, деган хомхаёлнинг пуч эканини очиб бермоқда.

Исломий фикрий ва сиёсий нуқтаи назардан қараганда, бу воқеа мусулмонларнинг шаъни, хавфсизлиги ва ўзлиги визалар, хорижий кафолатлар ёки қудратли давлатларнинг марҳамати билан таъминланмаслигини яна бир бор исботламоқда. Аллоҳ Таоло айтади:

 الَّذِينَ يَتَّخِذُونَ الْكَافِرِينَ أَوْلِيَاءُ مِنْ دُونِ الْمُؤْمِنِينَ أَيَبْتَغُونَ عِندَهُمُ الْعِزَّةَ فَإِنَّ العَزَّةَ لِلَّهِ جَمِيعاً 

«Улар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир.». (Нисо сураси, 139-оят).

Шундай экан, Қатардаги афғон қочқинларининг фожиаси бутун Ислом уммати учун бир ибрат бўлмоғи лозим. Мусулмонларнинг тақдири Вашингтон, Лондон ва бошқа мустамлакачи марказларнинг сиёсатига боғланиб қолар экан, улар сиёсий олди-бердилар ва тинимсиз ўзгариб турувчи стратегик манфаатлар қурбони бўлиб қолаверадилар.

Бугунги халқаро тизим инсонларни ҳимоя қилишдан кўра, манфаатларни ҳимоя қилишни афзал кўришини қайта-қайта исботлади. Мусулмонларнинг ҳақиқий қадр-қиммати, хавфсизлиги ва барқарорлиги фақатгина Ислом умматининг манфаатларига асосланган, илоҳий ҳидоятни ҳаётга татбиқ этувчи ва уни ёювчи сиёсий низом орқалигина таъминланади.

Пайғамбарлик манҳожи асосидаги рошид Халифалик давлати бўлмас экан, Ислом умматининг фарзандлари мустамлакачи давлатларнинг ва уларга қарам бўлган режимларнинг макр-ҳийлаларига нишон бўлишда давом этаверадилар. Шу боис, асл хавфсизлик ва шарафга эришиш йўли ёт кучларга суянишда эмас, аксинча, Умматнинг фикрий, сиёсий ва географик бирлигини қайта тиклаб, унинг манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳамда халқини асрайдиган раҳбарлик атрофида жипслашишдадир.

Пайғамбаримиз ﷺ шундай марҳамат қилдилар:

«إِنَّمَا الإِمَامُ جُنَّةٌ يُقَاتَلُ مِنْ وَرَائِهِ وَيُتَّقَى بِهِ»

«Албатта, Имом (раҳбар) бир қалқондир; унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади». (Саҳиҳул Бухорий, Саҳиҳу Муслим).

Юсуф Арслан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button