Муфтийлар ҳақиқатан ҳам Исломни ҳимоя қилишяптими?

Муфтийлар ҳақиқатан ҳам Исломни ҳимоя қилишяптими?
2026 йил 14 сентябрда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Аллоҳшукур Пошозода раислигида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо давлатлар диний идоралари раҳбарлари кенгашининг 7 йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев, шунингдек, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Шимолий Кипрнинг бош муфтийлари ҳамда диний идораларининг раҳбарлари иштирок этди.
Иштирокчилар мулоқотни ривожлантириш, умумий қадриятларни ҳимоя қилиш, исламофобияга қарши курашиш ва никоҳ масалаларини муҳокама қилдилар. Йиғилиш якунида мусулмонларни кофирга чиқариш (такфир)га йўл қўймаслик ва оилани мустаҳкамлаш бўйича декларациялар, шунингдек, Исломнинг илм-фан ва технологияга бўлган муносабати ҳақида ҳужжат қабул қилинди.
Йиғилиш сўнггида раислик Озарбайжондан Туркияга ўтди ва навбатдаги йиғилишни 2027 йилда ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Изоҳ:
Босқинчи лойиҳалар назорати остида турган юқори мартабали диний амалдорлар Бокунинг гўзал залларида яна бир бор тўпланиб, умумий қадриятлар, исламофобияга (одатда бу Европада кузатилади) қарши кураш ва оилавий қадриятларни ҳимоя қилиш тўғрисида гўзал сўзлар айтдилар. Бироқ, айни пайтда, улар мусулмонларнинг бошига бало бўлаётган дунёдаги юзлаб қуролли тўқнашувлар у ёқда турсин, ўз ўлкаларидаги мусулмонлар бошидан кечираётган ҳақиқий муаммоларга кўз юммоқдалар.
Учрашув бугунги Ислом оламининг ҳақиқий муаммоларидан анча йироқ бўлиб, мусулмонларни ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан бир тийинга ҳам арзимайдиган, лекин амалдорлар учун қулай бўлган майдонга айланди. Айнан шу нарса асосий муаммо бўлиб қолмоқда.
Туркий давлатлар назарида, Ислом умматининг асосий ғам-ташвиши – такфир ҳақидаги муҳокама ва Исломнинг «технологияларга бўлган мавҳум муносабати»ми?
Нима учун жойлардаги диний ҳаётни ҳақиқий маънода чеклаётган муаммолар муҳокама қилинмайди? Нима учун минтақадаги давлатларда шунчаки рўмол ўраб, ҳижоб кийиб, иймонини сақлаган қизлар мазах қилиниб, мактаблар ва олий ўқув юртларидан ҳайдалаётгани очиқ айтилмайди? Бу инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва виждон эркинлигининг тўғридан-тўғри бузилиши эмасми? Қолаверса, бундай кўринишлар Европанинг қайсидир давлатида эмас, байналмилал ТДТга аъзо давлатларнинг ўзида содир бўлмоқда!
Шунингдек, диндор инсонларни мавҳум ва сиёсийлаштирилган моддалар асосида таъқиб қилиш каби воқеалар ҳам диққатдан четда қолаётгани ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Одатий турмуш тарзи, соқол қўйгани ёки ижтимоий тармоқдаги фикр-мулоҳазалари учун одамларга «экстремист» деган тамға босилиб, эркинлигидан маҳрум қилинаётгани ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтилмади.
Муфтийларнинг бундай масалаларда сукут сақлаши шунчаки лоқайдлик эмас, балки бу диндорларга нисбатан олиб борилаётган босим ва мустабид сиёсатга жимгина рози бўлишдир.
Хулоса қилиб айтганда, муфтийлар океан ортидаги исламофобияга қарши расмий баёнотлар беришга тайёр, аммо ўз давлатларидаги ҳукуматларнинг ўзбошимчалиги ва тазйиқидан мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга келганда сукут сақлашдан нарига ўтмайди.
Агар диний идоралар умматнинг ҳақиқий муаммоларини очиқ айтишдан қўрқиб, давлат тузилмаларининг қўлида ташвиқот воситасига айланиб қолса, у ҳолда бундай декларация ва саммитларни ўтказишдан нима фойда?! Уларнинг йиғилишлари бир тийинга ҳам арзимайди! Бундай муфтийлар мусулмонларнинг ҳақиқий вакили бўла олмайдилар ва бундай вакилликка уларнинг ҳеч қандай ҳаққи ҳам йўқ!
Ҳужжад Жамиа




