Жаннат боғлари

Суҳайл ибн Амр розияллоҳу анҳунинг Исломга кириши

Суҳайл ибн Амр розияллоҳу анҳунинг Исломга кириши

Воқидий, Ибн Асокир, Ибн Саъд ва Ҳоким «ал-Мустадрак» китобида Суҳайл ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у шундай деди: «Расулуллоҳ ﷺ Маккага ғалаба билан кириб келгач, мен уйимга яшириниб, эшикни беркитиб олдим ва ўғлим Абдуллоҳни Муҳаммад ﷺдан мен учун омонлик сўраб келишга юбордим. Чунки мен ўлдирилишдан хавфсирар эдим». Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Суҳайл бориб: «Ё Расулуллоҳ, отамга омонлик берасизми?» – деди. Расулуллоҳ ﷺ: «Ҳа, у Оллоҳнинг омонлиги билан омондадир. Ҳузуримизга келаверсин», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ ﷺ атрофдаги кишиларга қараб: «Сизлардан ким Суҳайлга йўлиқса, унга ёмон назар билан қарамасин. У яширинган жойидан ташқарига чиқаверсин. Қасамки, Суҳайл ақлли ва ҳурматли одамдир. Шундай одамнинг Исломдан бехабар бўлиши ярашмайди. Унга нима тақдир қилинган бўлса, унга ҳеч нарса фойда беролмайди (яъни Оллоҳ қадарини қайтаришда ҳеч бир иш фойда беролмайди)», – дедилар. Шундан кейин Абдуллоҳ отасининг ҳузурига қайтиб, унга Расулуллоҳ ﷺнинг сўзларини етказди. Шунда Суҳайл розияллоҳу анҳу: «У киши (яъни пайғамбар алайҳис-салом) – Оллоҳга қасамки – ёшлик чоғида ҳам яхши инсон эди, ёши улғайганда (яъни ҳозир) ҳам яхши инсондир», деди. Суҳайл бу сўзларни юриб туриб айтар эди. У Расулуллоҳ ﷺ билан бирга Ҳунайн ғазотига чиққан пайтда ҳам мушрик эди. Ал-Жиърона деган жойда Исломга кирди. Расулуллоҳ ﷺ ўша куни унга Ҳунайн ўлжаларидан юзта туя бердилар.

  • Ибн Асокир Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Умар деди: «Фатҳ куни Расулуллоҳ ﷺ Маккада эдилар. У киши Сафвон ибн Умайяга, Абу Суфён ибн Ҳарбга ва Ҳорис ибн Ҳишомга одам юбордилар. Шунда мен: «Оллоҳ бизни улардан ғолиб қилди. Мен уларнинг нима ишлар қилганини албатта яхши биламан», дедим. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: «Мен билан сизлар бамисоли Юсуф алайҳис-саломнинг ўз акаларига:

لاَ تَثْرِيبَ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ يَغْفِرُ اللَّهُ لَكُمْ وَهُوَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ

– „У деди: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Оллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир»“, [12:92]

деб айтгандек ҳолатдамиз», дедилар. Буни эшитиб мен оғзимдан ножўя гап чиқдимикин, деб Расулуллоҳ ﷺдан уялиб кетдим. Зеро, Расулуллоҳ ﷺ уларга нисбатан юқоридаги сўзларни айтдилар».

  • Ибн Занжавайҳнинг «Амвол» номли китобида эса Ибн Абу Ҳусайн орқали шундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ ﷺ Маккани фатҳ қилиб, Байтуллоҳга кирдилар, сўнгра чиқиб, қўлларини эшикнинг икки четига қўйдилар. Бир оз сукут қилиб: «Энди нима дейсизлар?», дедилар. Шунда Суҳайл ибн Амр: «Сиз ҳақингизда яхши нарсаларни айтамиз ва яхши гумонни қиламиз. Сизни саховатли биродар ва саховатли биродарнинг фарзанди, деб биламиз. Дарҳақиқат, сиз ғолиб бўлдингиз», деди. Шунда Пайғамбаримиз: «Мен ҳам сизларга биродарим Юсуф айтганидек,

لاَ تَثْرِيبَ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ

„Бу кун сизлар айбланмайсиз“, [12:92]

деб айтаман», дедилар.

  • Байҳақий ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан худди шу ҳадисни ривоят қилди. Унда ушбу сўзлар бор эди: Улар: «Биз сиз ҳақингизда биродарнинг фарзанди, амакининг фарзанди, ҳалим, раҳмдил киши, деймиз», дейишди ва бу сўзни уч бор айтишди. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: «Мен сизларга Юсуф айтгандек:

لاَ تَثْرِيبَ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ يَغْفِرُ اللَّهُ لَكُمْ وَهُوَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ

„ У деди: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Оллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир»“, [12:92]

дейман», дедилар. Шундан кейин улар худди қабрдан чиққандек бўлиб, Исломга киришди. Байҳақийнинг яна айтишича, имом Шофеъий Абу Юсуфдан бу қисса ҳақида шундай ҳикоя қилади: Пайғамбаримиз улар масжидда йиғилишган пайтда уларга: «Сизларга нисбатан мени нима иш қилади деб ўйлайсизлар?», дедилар. Улар: «Яхшилик қилади, деб ўйлаймиз. Зеро, сиз саховатли биродарсиз, саховатли биродарнинг фарзандисиз», – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз ﷺ: «Кетаверинглар, сизлар озодсиз», дедилар.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button